Ўзбекистонда 2025 йилда 787 км электр узатиш тармоқлари янгиланди
Ўзбекистонда 2025 йил давомида 787 километр магистрал электр узатиш линиялари капитал таъмирдан чиқарилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ўтган йил якунлари бўйича маълумот берди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ҳисоботга кўра, мамлакат бўйлаб 29,5 минг километр тақсимловчи электр тармоқлари таъмирланди. Шунингдек, магистрал подстансиялардаги 9 та трансформатор ва 10,2 мингта трансформатор пункти қайта тикланди.
Модернизация ва реконструкция ишлари доирасида яна 8,6 минг километр электр узатиш линияси, 2,3 мингта трансформатор пункти ҳамда 28 та подстансия янгиланди. Натижада 800 мингдан ортиқ хонадонда электр таъминоти сифати яхшилангани қайд этилди.
Инфратузилма янгиланиши фонида йил давомида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажми 14 фоизга ошиб, 77,1 млрд кВт·соатга етди.
2025 йилда республикада “яшил” энергетика йўналиши ҳам кенгайтирилди: умумий қуввати 2 ГВт бўлган кичик қуёш қурилмалари ишга туширилди. Электр энергиясини тежаш кўрсаткичи эса 2,7 млрд кВт·соатни ташкил этди.
