2030 йилга бориб ўзбекистонликлар 50 та давлатга визасиз бориши мумкин
Ўзбекистон 2030 йилга қадар фуқаролар учун визасиз сафар қилиш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсадлар 2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган ривожланиш стратегияси лойиҳасида акс этган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Ҳужжатга кўра, визасиз ёки соддалаштирилган кириш бўйича келишувлар босқичма-босқич кенгайтирилади: 2026 йилда яна 2 та, 2027 йилда эса 5 та давлат билан янги келишувлар тузиш кўзда тутилган. Натижада визасиз йўналишлар сони 2028 йилга келиб 45 тага, 2029 йилда 48 тага етиши, 2030 йилда эса 50 тага чиқиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, кириш тартиби енгиллаштирилган мамлакатлар рўйхатини ҳам кенгайтириш режа қилинган. 2026–2030 йиллар давомида бундай давлатлар сонини 60 тага етказиш кўзда тутилмоқда. Гап электрон виза, аэропортда виза ёки бошқа енгиллаштирилган режимларни тақдим этадиган мамлакатлар ҳақида бормоқда.
Яқин йилларда консуллик хизматларини олиш учун мобил платформа ишга туширилиши ҳам режалаштирилган. Рақамлаштириш ҳисобига сервис фойдаланувчилари сони ҳозирги 8,5 мингдан 2026 йилда 15 мингга, 2030 йилга бориб эса 100 минг кишига етиши кутилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари 35 та давлатга визасиз бора олади. Яна 42 та мамлакат турли кўринишдаги соддалаштирилган кириш тартибини таклиф қилмоқда.
