Android учун Chrome’да ўқиш режими тўлиқ ишлай бошлади
Android учун Google Chrome браузерида ўқиш режими тўлиқ ишлай бошлади, деб 3dnews.ru маълум қилди. Ушбу функция илк бор 2023 йилда жорий этилган бўлса-да, шу пайтгача барча саҳифаларда ишламасди ва баъзан ўзи-ўзидан йўқолиб қоларди.
Сўнгги янгиланишдан сўнг Chrome’да ўқиш режими сезиларли даражада такомиллаштирилди. Энди уни ишга тушириш осонлашган ва функция барқарор ишлаяпти. Ўқиш режими браузернинг уч нуқта орқали очиладиган асосий менюсида “Ўқиш режимига ўтиш” банди орқали ёқилади.
Янги форматда саҳифа тўлиқ экранга ўтмайди, манзил сатри эса жойида қолади. Интерфейс Google Material 3 Expressive услубига яқин бўлиб, пастки қисмида катта, юмалоқ бурчакли бошқарув панели жойлашган.
Фойдаланувчилар шрифт турини танлаши, матн ҳажмини 250 фоизгача ошириши, ёруғ, қоронғи ёки “сепия” мавзуларини ёқиши мумкин. Янгиланган ўқиш режими Chrome 143 версиясида мавжуд бўлиб, айрим ҳолларда uni chrome://flags орқали қўлбола ёқиш талаб этилади.
