Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш орқали сайёҳлар оқими оширилади
“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида мамлакатнинг ташқи ва ички туризм салоҳиятини тубдан кучайтиришга қаратилган аниқ ва мақсадли режалар белгилаб олинган. Ҳужжатда қулай шарт-шароитлар яратиш, инфратузилмани кенгайтириш ва хусусий секторни фаол жалб этиш орқали сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада қайд этилишича, хусусий инвестициялар ҳисобига республика бўйлаб 20 та замонавий туризм кластери ташкил этиш режалаштирилган. Бу кластерлар ҳудудий ривожланишни жадаллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга, турли форматдаги 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйлари ва хостеллар барпо этилиши туристларни жойлаштириш имкониятларини бир неча баробар оширади.
Туризм инфратузилмасини янада бойитиш мақсадида тоғли ҳудудларда 25 та дор йўли қуриш режалаштирилган. Бу ташаббус экотуризм ва экстремал дам олиш турларига қизиқишни кучайтириши кутилмоқда. Шунингдек, туризм маҳаллалари, қишлоқлари ва махсус кўчалар сонини 175 тага етказиш орқали ҳудудларда сайёҳлар учун жозибадор муҳит яратиш мақсад қилинган.
Стратегияда туризм хизматлари экспортини 6 миллиард долларгача етказиш, тиббиёт ва таълим туризми орқали йиллик экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга чиқариш ҳам устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бундан ташқари, маданий мерос объектлари ва туризм масканларида театрлаштирилган маданий ҳамда кўнгилочар томошаларни доимий равишда ташкил этиш орқали ҳар йили камида 100 минг нафар томошабин туристни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган ушбу режалар туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, мамлакатнинг халқаро туристик имижини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
