“Уйда ёлғиз” фильми ҳақида кутилмаган илмий хулоса очиқланди
Машҳур “Уйда ёлғиз” фильми сюжети илмий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқилди. Америкалик физик олим Луис Баталя фильмдаги асосий воқеа — Кевиннинг уйда қолиб кетиши тасодиф эмас, деган хулосага келди.
Олимнинг ҳисоб-китобларига кўра, маълум шароитларда ота-онанинг болаларидан бирини уйда унутиб қолдириш эҳтимоли атиги 0,13 фоизни ташкил этади. Бу эса фильмда кўрсатилган ҳолат оддий хатолик эмаслигини кўрсатади.
Баталя таъкидлашича, агар ота-она кечаси соат 23:00 атрофида ухлаб, эрталаб парвозга тайёргарлик билан уйғонган бўлса ҳам, беш нафар фарзанддан бирини тасодифан қолдириб кетиш деярли мумкин эмас. Шу боис у воқеалар ривожи режалаштирилган бўлиши эҳтимолини илгари суради.
Олимнинг фикрича, бу ҳолат комедия сифатида қабул қилинган фильмга анча чуқур психологик маъно беради. Кўпчилик учун қувноқ бўлиб туюлган сюжет ортида ота-оналик масъулияти ва ички айб ҳисси яширин бўлиши мумкин.
Маълумот учун, “Уйда ёлғиз” фильми 1990 йилда суратга олинган бўлиб, Янги йил таътилига кетган оиласи томонидан уйда ёлғиз қолдирилган бола ва унинг ўғриларга қарши кураши ҳақида ҳикоя қилади.
