Бангладешнинг илк аёл бош вазири Холида Зия 80 ёшида вафот этди
Бангладешнинг илк аёл бош вазири Холида Зия 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг партияси — Бангладеш Миллатчи партияси маълум қилди. Сиёсатчи узоқ вақт давом этган оғир касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Шифокорлар унинг жигар сиррози, диабет ва юрак билан боғлиқ муаммолардан азият чекканини билдирган.
Холида Зия 1991-йилда ўтказилган сайловларда ғалаба қозониб, мамлакат тарихидаги илк аёл бош вазир бўлган. У сиёсатда узоқ йиллар давомида Шайх Ҳасина билан рақобатда бўлиб, бу қарама-қаршилик Бангладеш сиёсатида муҳим ўрин тутган. Иккала етакчи ўртасидаги кураш мамлакат сиёсий ҳаётига кучли таъсир кўрсатган.
Бош вазирлик фаолияти давомида Холида Зия давлат бошқарувида муҳим ислоҳотларни амалга оширди. У парламент тизимини жорий қилди, хорижий инвестициялар учун шароитларни яхшилади ва бошланғич таълимни бепул ҳамда мажбурий қилиб белгилади. Шу билан бирга, унинг иккинчи бошқарув даври коррупция айбловлари билан ҳам эсда қолган.
Сўнгги йилларда Холида Зия соғлиғи ёмонлашгани сабабли сиёсатдан четда бўлган. У бир неча йил қамоқда ва уй қамоғида сақланган, 2024-йилда эса озодликка чиқарилган эди. Унинг вафоти Бангладеш сиёсатида муҳим давр якунланганини англатади.
