Ўзбекистон Марказий банки учта микромолия ташкилотини рўйхатдан ўтказди
Ўзбекистон Марказий банки микромолия ташкилотлари реестрига яна учта компанияни киритди. Регулятор матбуот хизмати хабарига кўра, бу бўйича қарор Марказий банк бошқаруви томонидан қабул қилинган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Реестрга ADL MOLIYA ММТ, PRIZMA KAPITAL ҳамда AVO FINANCE ташкилотлари киритилди. Уларни рўйхатдан ўтказиш Марказий банк бошқарувининг 156, 157 ва 158-сонли қарорлари асосида амалга оширилган, компаниялар масъулияти чекланган жамият шаклида рўйхатдан ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонда микромолия хизматлари бозори ҳажми 104 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 1,8 баробарга ошган. Хизматларнинг қарийб 80 фоизини банклар кўрсатган бўлса, 18,5 фоизи МФТлар ҳиссасига тўғри келган, яна қарийб 2 фоизи ломбардлар томонидан тақдим этилган.
Кредитларнинг асосий қисми миллий валютада ажратилган, хорижий валютадаги операциялар ҳажми эса қарийб 500 млрд сўмни ташкил этган.
