Маҳаллалар инфратузилмасига 3,4 трлн сўм йўналтирилади
Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун 3,4 трлн сўм миқдоридаги нобюджет жамғармалари маблағлари йўналтирилади. Адлия вазирлиги бу ҳақда давлат раҳбари қарорига таяниб хабар берди. Дастур 2028 йилгача мўлжалланган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ажратиладиган маблағлар маҳаллаларда қурилиш ишлари, реконструкция ҳамда модернизацияни амалга оширишга сарфланади. Ҳужжатда лойиҳалаш ва қурилиш жараёнларида “яшил” технологияларни жорий этиш, шунингдек янги объектларнинг энергия самарадорлигини ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотларининг қиймати 6 000 БҲМдан юқори бўлган, нобюджет манбалари ҳисобидан молиялаштириладиган барча қурилиш ва таъмирлаш лойиҳалари фақат 2028 йилгача мўлжалланган ушбу дастур доирасида амалга оширилади.
Касбий таълим тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган: техникумлар биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 150 млрд сўм ажратиш режалаштирилган.
Дастур лойиҳаларга қўйиладиган мажбурий талабларни ҳам белгилайди. Энергия тежамкор ечимлар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик тоза қурилиш материаллари назарда тутилмаган ҳужжатлар экспертизага киритилмайди.
