Хитойда дунёдаги энг узун автомобил туннели очилди
Хитой шимоли-ғарбида транспорт инфратузилмаси тарихида янги саҳифа очилди. Мамлакат ҳудудида дунёдаги энг узун автомобил туннели расман фойдаланишга топширилди. Урумчи — Увэй автомагистралида жойлашган ушбу иншоотнинг умумий узунлиги 22 километрдан ошиб, глобал миқёсда рекорд ўрнатди.
«Тяншан Ғалаба туннели» деб номланган мазкур йирик лойиҳа Шинжон-Уйғур мухтор тумани ҳудудида барпо этилган. У Тян-Шан тоғ тизимлари орасида жойлашиб, узоқ йиллар давомида қийин ва хавфли ҳисобланган тоғ йўлларига муқобил сифатида хизмат қилади.
Синхуа ахборот агентлигининг маълум қилишича, туннелнинг ишга туширилиши натижасида тоғли ҳудудларда ҳаракатланиш вақти кескин қисқарган. Илгари бир неча соат талаб этилган йўл энди бор-йўғи 20 дақиқа ичида босиб ўтилади. Бу эса нафақат ҳайдовчилар, балки бутун логистика тизими учун катта енгиллик яратмоқда.
Урумчи — Увэй автомагистрали стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у Тян-Шан тоғларини кесиб ўтиб, минтақанинг шимолий ва жанубий шаҳарларини ўзаро боғлайди. Ушбу йирик йўл тармоғи 12 та транспорт тугуни, 17 та туннел ҳамда юзлаб замонавий кўприкларни ўз ичига олган.
Мутахассислар таъкидлашича, янги туннел очилиши натижасида шимолдан жанубга сафар қилиш вақти аввалги 7 соат ўрнига тахминан 3 соатга тушган. Бу эса минтақада савдо, туризм ва иқтисодий алоқаларнинг янада фаоллашишига хизмат қилади.
Шу тариқа, «Тяншан Ғалаба туннели» нафақат муҳандислик ютуғи, балки Хитойнинг замонавий транспорт салоҳияти ва инфратузилмавий ривожини намоён этувчи муҳим рамз сифатида эътироф этилмоқда.
