Қирғизистон аҳолиси 7 миллион кишига етди
Қирғизистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Эдил Байсалов Боткен вилоятига сафари пайтида 7 миллионинчи чақалоқнинг ота-онасига 1 миллион қирғиз сўми (тақрибан 12 минг доллар) сертификатини топширди.
Валижон ва Айжарқин Абдурасуловлар хонадонида туғилган Қирғизистоннинг 7 миллионинчи фуқаросига Жақшилиқ (Яхшилик) деган исм қўйилди. Жақшилиқ 16 кирганида банкдан ҳукумат томонидан берилган маблағни олиши мумкин. Бу вақтга келиб банк фоизлари билан 1 миллион сўм 11,5 миллион сўмга айланади.
Бундан ташқари чақалоқнинг ота-онасига ва Жақшилиқ билан бир вақтда туғилган яна 8 чақалоққа 200 минг сўм (тақрибан 2 400 доллар) дан суюнчи пули берилади.
Қирғизистоннинг 7 миллионинчи фуқароси 19 октябрь куни соат 2:10 да Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида туғилган.
Президент Садир Жапаров 7 миллионинчи фуқаронинг ота-онасини телефон орқали табриклаган ва чақалоққа Жақшилиқ деб исм қўйишни таклиф қилган.