Қозоғистон мамлакатдан автотранспорт билан кўмир олиб чиқишни тақиқлаб қўйди
Қозоғистон автомобиль транспорти билан мамлакатдан кўмир олиб чиқилишига вақтинча тақиқ жорий этмоқда. Бу ҳақда Tengrinews нашри Саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Вақтинча тақиқ аҳоли, коммунал ва ижтимоий объектларга мўлжалланган қаттиқ ёқилғи Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудларидан қўшни мамлакатларга сотиш учун олиб чиқиб кетилаётгани аниқлангани туфайли киритилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Аввалроқ Қозоғистон ЕИ томонидан эмбарго жорий қилинган Россия кўмири ўрнига имкон қадар кўмир экспорт қилиш режаси борлигини билдирган. Eurostat қайдича, Қозоғистон 2022 йилнинг январь-май ойларида Европа Иттифоқига 1,5 миллион тонна кўмир еткази берган, бу эса 2021 йил бўйи ЕИга етказиб берилган кўмир ҳажмидан икки баравар кўпдир.
Айни пайтда мамлакатнинг шимолий ҳудудларида куз ва қиш мавсумида қозоғистонликлар уйларини иситишга ўнлаб тонна кўмир олиш учун узундан-узоқ навбатга туришади. 17 сентябрь куни маҳаллий ОАВ Петропавловск турғунлари кўмирга навбатлардан шикоят қилишгани ҳақида ёзишган. Маълумотларга кўра, Шимолий Қозоғистон вилоятида иситиш мавсумини расман 20 сентябрдан бошлаш режаланмоқда, аммо 17 сентябрь ҳолатига фақат аҳолининг 44 фоизигина кўмир ғамлашга улгурган. Амалдорлар аҳолини ёқилғи ҳаммага етишига ишонтиришга уринишмоқда.