Амазонкада туб қабиланинг сўнгги вакили вафот этди
Бразилиянинг Амазонка ўрмонида туб қабилалардан бирининг Каталак одами деган таҳаллус билан танилган сўнгги вакили вафот этди. У ўтган асрнинг охирларида қабиласи кўчиб келганлар томонидан қириб ташланганидан сўнг ташқи дунё билан мулоқот қилишдан бош тортган.
Каталак одами жасади унинг кулбасидан топилди. Бразилиядаги туб қабилаларни ҳимоя қилиш бўйича Funai агентлигининг билдиришича, у 60 ёшда бўлган ва ўз ажали билан ўлган.
Survival International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг маълум қилишича, Каталак одами сўнгги 26 йилда мутлақо мулоқот қилишдан бош тортиб келган. У каталак ертўла қазиб ўша ерда яшаган ва ов қилиб кун кечирган. Шунинг учун ҳам унга Каталак одами таҳаллуси берилган. У маккажўхори ва папая етиштирган.
“Ҳеч ким унинг исмини ва унинг қабиласи тўғрисида арзирли бир маълумотни билмайди. У вафот этди ва бу билан геноцид ниҳоясига етди. Бу ҳақиқатан ҳам геноцид бўлди, чунки ер ва бойлик ишқидаги чорвадорлар томонидан бутун бошли бир халқ қасддан қириб ташланди”, - деди Survival International расмийси Фиона Уотсон.
Funai агентлиги экспертлари Каталак одамининг қабиласи 1980 йилларда ноқонуний фермерлар томонидан махсус ўлдирилганини таҳмин қилмоқдалар. Фермерлар дастлаб қабилага шакар улашиб келган, кейин эса шакар ўрнига каламушларни ўлдирувчи дориларни беришган. Бу дориларни истеъмол қилган қабиланинг барча аъзолари ҳалок бўлган, фақат Каталак одамигина тирик қолган.
Қабиласи қириб ташланганидан сўнг Каталак одами ташқи дунё билан мулоқот қилишни тўхтатган. Ўз ҳудудига яқинлашган одамларга камондан ўқ отган, қопқонлар қўйган. Ҳеч кимдан озиқ-овқат, уруғ ва асбоб-ускуна олмаган. “Бирор марта бир оғиз ҳам гапирмагани учун” унинг қайси қабилага мансублигини ҳам аниқлаш мумкин бўлмаган.
Туб халқларни ўрганиш бўйича ташкилотларнинг билдиришича, Бразилиянинг Амазонка ўрмонларида 235 дан 300 тагача қабила мавжуд. Айрим қабилалар ташқи дунё билан мутлақо мулоқот қилмайди. Камида 30 қабила одам қадами етмаган жунглиларда яшайди. Уларнинг сони, тили ва маданияти ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.