Мустақиллик байрами муносабати билан арзонлаштирилган ярмаркалар иш бошлади
Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва вилоят марказларида озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган бозорчалар ташкил қилинди. Бу ҳақда хабар берган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига кўра, ярмаркалар 20 августдан 5 сентябрга қадар ҳар куни соат 08:00 дан 20:00 гача фаолият олиб боради.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги асосий 11 та «Фарҳод», «Аския», «Сергели», «Эски Жува», «Авиасозлар», «Қўйлиқ», «Юнусобод», «Миробод», «Қорақамиш», «Наврўз» ва «Чилонзор» деҳқон бозорларида мева-сабзавот, полиз, дуккакли, гуруч, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, шакар ва турли ичимликлар савдоси ташкил этилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус озиқ-овқат ярмаркаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотилишини кунлик мониторинг қилмоқда, уларнинг нарх-навоси ҳамда бозорларнинг маҳсулотлар билан таъминланганлик даражасини кузатиб бормоқда.