Оғзини тикиб, очлик эълон қилган тошкентлик йигитга чора кўрилди
Маълумотга кўра, 20 август куни Янгийўл туманида яшовчи фуқаро уст кийимларини ечиб, хонадон томига чиққан ва ўзини пастга ташлашини айтиб, бақириб атрофдагиларни йиғган.
Ушбу воқеа жойига етиб борган ҳудудий ИИБ ходимлари фуқарони тинчлантириш ва ундан нима мақсадда бу ишни қилаётгани сўраб, барчасини қонуний тартибда ҳал этилишини билдирган вақтларида, фуқаро ИИО ходимлари ва атрофдаги шахсларни турли куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлаган.
Баланд овозда сўкиниб, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ушбу ҳаракатларини давом эттирган.
«Ҳолат юзасидан шу куни ЖИБ Янгийўл туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида фуқаро С.Т. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 ва 194 моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди»,-дейилади ИИБ хабарида.
Фуқаронинг судда қайд этишича, ўзини томдан ташлашига номаълум бир аёл (блогер)нинг келиб унга: «Шантаж қилиб масалангни ҳал қилиб юрибсан-ми?»,-деган сўзлари туртки бўлган.
Маълумот берилишича, ушбу шахс муқаддам жиноят кодексининг 169 ва 105 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун судланиб, тегишли тартибда чора кўрилган.