ТАРИХ. Аслида, Аслхон ўғли Бобур Шокировнинг кураш ва ўйлари, минг бир азобларга йўғрилган ҳаёти бир собит мусулмоннинг, Аллоҳнинг жаннатларига дохил инсоннинг порлоқ тақдири сифатида ҳали тарихга айланмаган. Унинг ҳаёти нафақат кечаги кунимиз, айни пайтда бугунимизни ҳам ўзида акс эттиради. Зеро, у орзу қилган имон ҳаловатларига, инсоний эркинликларга ҳали-замон эришганимизча йўқ. Бобур, энг аввало, инсон руҳан эркин, озод бўлишини, шундан кейингина жисман қулликдан халос бўлиши мумкинлигини советнинг зулмхоналаридан туриб ёзган эди. Рости ҳам биз руҳан озод одамлармизми? Ахир руҳимизни аввал бошда ўз хонларимиз, амирларимиз, кейинчалик оқ ва қизил босқин чилар, ундан кейин эса яна ўзимиздан чиққан коммунистлар синдириб, яксон қилиб юбормадими?! Яна ҳам бу туркий миллатнинг зуваласи пишиқ экан, у ҳамон яшамоқда... Ва у то қиёматгача яшайди, иншааллоҳ. Чунки бу миллат кучли, имони бақувват миллат. Тут дарахти мисоли қанча каллакланса, шунча кўп қайта шохлайди. * * * “...Увайс ака, Сиз назаримда ҳар бир ёзган хатингизда менга гўёки, бир савол бергингиз келади-ю, аммо акалик меҳрингиз бунга йўл қўймаётгандай. Тушунаман, чунки Сиз мени авайлайсиз, иккимизнинг ҳаётдаги ҳолатимизни ҳисобга оласиз: “қамоқ” ва “озодлик”. Назаримда, “Сени шундай қалтис ҳаракат қилишга нима мажбур қилди?” демоқчи бўласиз. Гоҳида кечалари бу саволни ўзимга ҳам бераман. Мени уйга қайтишдан, кўпчилик қатори ҳаёт кечиришдан тўсган нарса: шахсий маслагим ва дунё қарашимдир. Мана саволингизга қисқача жавоб. Уни шарҳлашга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман. Дунё ҳаракат билан обод, ундаги энг улуғ неъмат озодлик эканини чуқур ҳис қиламан. Қолаверса, Ватан ва миллат озодлиги йўлида қайғуриш, жонбозлик кўрсатиш бизнинг оримиз, номусимиз, қолаверса, қисматимиздур. Бобомиз бунга ибрат бўлур... Сизларни соғиниб Бобур, Саранск шаҳри, 12 январь 1974 й.” “Тошкентдаги барча қариндошларимга, Олтин бобомга, меҳрибон ота-онам, ака-ука, сингилларимга саломимни йўллайман. Бу ерда мен 12 йиллик умримни ўтказишдан олдин бир умид ва мақсадни тасдиқлаб олиб, борлиқ руҳий ва жисмоний қийинчиликларни енгишга бел боғламоқчи эдим. 12 йил, бу – 1 ёки 2 йил эмас, бир инсон умрининг бешдан бир қисми. Хўп, минг хил баҳоналар билан ўзимни оқларман. Лекин ота-онам, қариндош-уруғларим олдида ожизман. Шунинг учун сизлардан бир сўз эшитиб, 12 йиллик ёш умрдан кечай демоқчиман. Бу ерда ҳаёт жуда арзон, мен учун бўлса ундан ҳам арзон. Аччиқ қора нон, руҳий озиқсизлик, умидсизлик ҳаётнинг нархини янада туширади. Шу сабабли, ҳар бир жон ташқаридан келадиган руҳий мадад билан тирик. Агар шундай руҳий мадад, куч бўлмаса, 10–15 йил ичида уларнинг ҳаёти нима бўлиши сизларга маълум. Шунинг учун бу ерда ўтирган ҳар бир киши 10–15 йилни ўтказишдан олдин, ўзининг руҳий ва жисмоний кучини тарозида тортиб кўради, вазни арзиса умрини беради, арзимаса ундан кечади, холос. Мен ҳам умрни беришдан олдин шуни билмоқчиман. Юқорида айтилган руҳий куч ва мадад, асосан, бу ерда ўтирганларнинг ота-онаси, оиласи, хотини ва бола-чақасидан бўлар экан... Агар сизлар мени тушуниб, кечиролсанглар, мен учун бу узоқ тутқинлик кунларини ўтказишимда бир таянч вазифасини бажарар эди. Ўз маслагим, мақсадим ва дунёқарашимни яқинларимнинг меҳри, ҳис-туйғулари, ҳиммат ва қа рорларидан устун қўйдим... Бу қилмишим учун улардан кўп марталаб кечирим сўрайман. Сизларни соғиниб: Бобур, Потма, Мордовия, 15 августь 1971 й.”. (давоми бор) Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди Манба: Azon.uz