Агентлик: Ўтган йил давомида хориждан Ўзбекистонга 500 дан зиёд муҳожирнинг жасади олиб келинди
Ўтган 2021 йил давомида Ўзбекистонга хорижда вафот этган 518 нафар фуқаронинг жасади олиб келинган. Бу ҳақда маълум қилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати муҳожирларнинг жасадлари қайси мамлакатлардан келтирилганига аниқлик киритган эмас.
Агентлик қайдича, ўтган 12 ой давомида хорижда қийин аҳволда қолган 321 нафар ўзбекистонлик фуқаро ватанига қайтарилган ҳамда оғир тан жароҳати олган 17 нафар меҳнат мигрантининг тиббий хизмат харажатлари қоплаб берилган.
Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чет ўлкаларда ишлаётган ўзбекистонлик 8 минг 811 нафар мигрантга ҳуқуқий ёрдам, 295 минг 102 нафарига маслаҳат хизматлари, 6 минг 283 нафарига ижтимоий ёрдам, 13 минг 424 нафарига моддий ёрдам кўрсатилганини билдирган. Шунингдек, 7 минг 534 нафар меҳнат мигрантига бир марталик моддий ёрдам ажратилиб, 358 нафар меҳнат мигранти вақтинча хостелга жойлаштирилгани қўшимча қилинган.
Агентлик ўтган йил мобайнида меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган қарийб 984,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилганини ҳам иддао қилган.