Ўш шаҳри мэри Таалайбек Сарибашев истеъфога чиқди
Ўш шаҳри мэри Таалайбек Сарибашев истеъфога чиққани ҳақида унинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров маълумот тарқатди.
“Мэрнинг шаҳар учун қилган ишларидан рози бўлинглар. Келажакда йирик лойиҳаларни тўла амалга ошириш режалари бор эди. Халқимизга яна кўп хизмат қилади, деган умиддамиз. Батафсил маълумотни эртага айтамиз”, деб ёзди А. Абсаттаров Фейсбукдаги ўз саҳифасида.
Бу орада Дуйшўн Тўрўқулов ўзини Ўш шаҳри мэри, деб эълон қилди. У Таалайбек Сарибашевдан ҳокимиятни қабул қилиб олганини билдирди.
6 октябрь куни Ўш мэрияси олдида юзлаб одам йиғилган. Улар Т. Сарибашевнинг мэрликдан кетишини талаб қилишган.
Аввалроқ Ўш шаҳар кенгаши депутатлари амалдаги мэр Таалайбек Сарибашевга ишончсизлик билдиришга оид қарор қабул қилганлар.