Навоийда тиббиёт ходимларига коронавирус юққани тасдиқланди
Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази ходимларида коронавирус инфекцияси аниқлангани расман тасдиқланди. Бироқ расмий билдирувда коронавирус юққан тиббиётчилар сони ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2 июлда маълум қилишича, мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг айримларида коронавирус инфекциясининг дастлабки ҳолатлари қайд этилгани ўз тасдиғини топган.
Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўриққа олинган.
“Марказда фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролар умумий назоратга олиниб, карантин тартиби қатъийлаштирилган”, -дейилади хабарда.
Аввалроқ фтизиатрия ва пульмонология маркази ходимларидан бири президент Шавкат Мирзиёевга касалхонада айрим ходимларга коронавирус юққани, аммо раҳбарият томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмаётгани юзасидан мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди.
28 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг коронавирусга чалингани, оқибатда миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган эди.