Хитой билан зиддиятга киришган Ҳиндистон Россиядан ҳарбий самолётларни сотиб олади
Ҳиндистон Хитой билан муносабатлари мураккаблашган бир паллада Россиядан 33та ҳарбий самолёт сотиб олади ва яна 59та самолётини модернизация қилдиради. Мазкур шартноманинг умумий қиймати 2 миллиард 400 минг долларни ташкил қилади.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги 2 июль куни Россиядан 21 та МиГ-29 ва 12 та Су-30 MKI самолётлари сотиб олинишини билдирди. Бундан ташқари Ҳиндистон армиясида мавжуд бўлган 59 та МиГ-29 модернизация қилинади.
Хабарда айтилишича, самолётларни сотиб олиш масаласи 2 июлда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти пайтида келишилган.
15 июнь куни сўнгги 45 йилда Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги биринчи отишма содир этилган эди. Галван водийсида Хитой аскарлари билан тўқнашув пайтида Ҳиндистоннинг камида 20 ҳарбийси ҳалок бўлди. Отишмада томонлар бир-бирларини айблаган.
Ҳиндистон ва Хитой ўртасида мазкур баҳсли ҳудуд учун 1962 йилда уруш бўлган эди. Бу урушда Ҳиндистон мағлуб бўлган. Ҳиндистон Хитойни 38 минг квадрат метр майдонни босиб олганликда айблаб келади.
Ўтган 30 йил давомида бу масалада ўтказилган музокаралар чегарадаги баҳсли ҳудудлар муаммосини ҳал қила олмади.