Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилади
Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари ташкил этилиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг бунга оид қарори лойиҳаси 2 июнь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди.
Лойиҳага мувофиқ, қуйидагилар мазкур марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;
никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;
никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;
машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;
турмуш қуриш олдидан Марказларда ўқитилган ёш оилаларнинг ҳолатини ҳар томонлама ўрганиш ва мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, ўқувларни янада такомиллаштириб мувофиқлаштириб бориш.
Қарор билан “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида”ги низом тасдиқланиши кўзда тутилган.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳар йили ўтказиладиган умумхалқ хайрия хашаридан тушадиган тушумлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлар хайриялари, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар тузилажак марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланган.
Қарор юзасидан муҳокама шу йил 17 июнигача давом этади.