Тошкентдаги уйлар 20 апрелдан бошлаб иссиқлик таъминотидан узилади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги турар-жойларда иссиқлик таъминоти тизимини 20 апрель кунидан бошлаб босқичма-босқич ўчириш масаласи кўриб чиқмоқда. Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бу иш энергия манбаларини тежаш ва иссиқлик таъминоти тизимини ёзги иш тартибига ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ҳоким ўринбосари Б. Раҳмонқуловга кўра, биринчи навбатда иссиқлик манбаларида босим пасайтирилади, насос станциялари ўчирилади, кейин бевосита турар-жойларининг иссиқлик таъминоти тизимлари ва локал қозонхоналар ўчирилади.
Жараён якунида иссиқлик тармоқлари тўлиқ иссиқ сув таъминоти режимига ўтади. Иссиқлик таъминоти тизимини ўчиришнинг тўлиқ жараёни ўртача 3 сутка вақт олади.
Мулозим карантин якунига қадар баҳорги бир ҳафталик иссиқ сув ўчирилиши кўзда тутилмаётганлигини, келгуси иситиш мавсумига тайёргарликнинг барча жадваллари вужудга келган вазиятдан келиб чиқиб, қайта кўрилишини ҳам маълум қилган.