Касаба уюшмаси "ойликларни қисқартириш тавсияси"ни "адолатли қадам" сифатида қўллаб-қувватлади
Солиқ қўмитаси касаба уюшмаси давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси расмий сайтида касаба уюшмаси раиси Евгений Маҳмудов маълум қилди.
Унга кўра, 2 йил аввал солиқ қўмитаси ходимларининг маошлари 1,7 баробарга оширилган эди. Касаба уюшмаси раиси бу воқеани эслар экан, “давлатнинг қўллаб-қувватлашини” ҳис қилган солиқ ходимлари коронавирус тарқалиши ортидан юзага келган вазиятда четда тура олмасликларини таъкидлаган.
“Мамлакатда бундай оғир дамларга дош беришда биз, давлат идоралари хизматчиларидан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳамюртларимиз бор. Солиқ органлари ходимларининг аксарияти 4 миллион сўмдан зиёд бўлган иш ҳақи миқдорини камайтириш тўғрисидаги тавсияларга тушуниш ва ҳамжиҳатлик билан муносабат билдиришди”, дейилади касаба уюшмаси раиси билдирувида.
Евгений Маҳмудовга кўра,”давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш бюджет харажатларини оптималлаштиришдаги адолатли ва муҳим қадам”дир.
Президент 15 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Мазкур қарорда барча давлат ташкилотларига бюджет маблағларини тежаш, мақбуллаштириш ва давлат дастурларига сарфланадиган маблағларни қисқартириш кўрсатмаси берилган эди.