БУГУННИНГ ЎЗИДА 7 КИШИ КАРАНТИНДАН ҚОЧИБ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ…
Бугун 22 март куни етти киши карантиндан қочиб, жавобгарликка тортилди. Уларнинг уч нафарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, тўрт нафари эса жарима тўлаш билан чекланди.
Агар 15 мартдан бери 43 киши коронавирус юқтирган бўлса, вирус уларнинг 16 нафарига фақат бир кишидан ўтган. Афсуски, масъулиятни ҳис эта билмаган қонунбузарларнинг дастидан қариндошлари жабр кўрибди.
Масалан Сурхондарё вилоятида Ашуров фамилияли шахс карантиндан қочиб яқинлари билан учрашган. Оқибатда-чи? Оқибатда саккиз нафар яқин қариндоши ҳам карантинга туширилди.
Тошкент вилояти Паркент туманида истиқомат қилувчи Эшев деган шахс ҳам карантиндан қочганди. Олти нафар оила аъзосига вирус юқтирибди. Улар ҳам карантинга жўнатилди.
Бухоро вилоятида яшовчи Равшанов фамилияли эркак ўзбошимчаларча карантиндан қочиб, оиласидаги тўрт нафар яқинига вирус юқтирган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда республика бўйича жами 12 минг 731 киши карантинда. Уларнинг 7 минг 416 нафари шифохоналарда, 5 минг 315 нафари уй шароитида карантинга туширилган.
Тошкентда уй шароитида карантинга туширилганлар 1794 киши, 783 Тошкент вилоятида, 250 Самарқандда: 35 киши Сирдарёда, 336 киши Жиззахда, 373 киши Бухорода, 380 киши Навоийда, 157 киши Фарғонада, 170 киши Андижонда, 311 киши Наманганда, 262 Сурхондарёда, 202 Қашқадарёда, 218 Хоразмда, 44 Қорақалпоғистонда.