Ароқфурушларга имтиёз берилади, диний идора эса Қуръон хатм қилади
Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябригача бўлган даврда алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади. Шунингдек, бу давр ичида алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 19 март куни имзоланган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда қайд этилган.
Мазкур фармон имзоланган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам коронавирус каби юқумли хасталикларни тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида қатор хайрия ишлари бошланганини эълон қилди. Бошланган ишлар орасида мамлакат бўйлаб жонлиқлар сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонларга ва меҳрибонлик уйларига тарқатилаётгани саналган. Бундан ташқари, диний таълим даргоҳлари устоз ва талабаларидан ўз уйларида 70 та хатми Қуръон ўқиш, Тошкент Ислом институти устозларидан хатми Бухорий қилиш, мусулмонлардан нажот дуоси қилиш сўралган.