Қирғизистонда 2 минг 669та масжид рўйхатга олинди, рўйхатдан ўтмаган яна 300 масжид бор
Қирғизистонда 2 минг 669та масжид рўйхатга олинди, бундан ташқари мамлакатда рўйхатдан ўта олмаган 300 га яқин масжид бор. Бу ҳақда парламент мажлисида Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси директори ўринбосари Закир Чотоев маълум қилди.
Чотоевга кўра, айрим ҳужжатлари йўқлиги сабаб бу масжидлар рўйхатдан ўта олмаган.
«Қонун бўйича рўйхатдан ўтмаган масжидлар фаолият юрита олмайди, бироқ биздаги маълумотларга кўра улар фаолиятини давом эттирмоқда. Биз мониторинг олиб бораяпмиз. Ҳар куни рўйхатга олиш масаласида мурожаатлар бўлиб турибди, демак рақамларда ўзгаришлар бўлиши мумкин», -деди Чотаев.
У депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, Қирғизистонда масжидлар қуриш масаласида чекловлар йўқлигини, бироқ бу масала Хавфсизлик кенгаши мажлисига олиб чиқилганини айтди. Бу борада қарор ҳозирча қабул қилинмаган.
Қирғизистон аҳолиси ўтган йили 6 миллион кишидан ортган.