Фарғоналик талаба одамларни «жиҳодга чорлаганликда айбланди…
Фарғона Давлат университетининг 21 ёшли талабаси яқинда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари тарафидан қўлга олинди. У одамларни «жиҳод»га чорлаб, Сурияга жўнатиш билан шуғулланганлик, дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» гуруҳи билан яқин муносабат юритганликда айбланди. Тергов материалларида таъкидланадики, талаба доимий равишда Телеграмм каналига кириб террорга, «жиҳод»га жалб этувчи, террорни, каллакесарликни тарғиб этувчи, дунёни ислом давлатига айлантириш ғояларига асосланган материаллар билан танишиб борган. Барча материалларни шахсий телефонида сақлаб келган.
Оқибатда Фарғонада яшовчи уч йигит унинг чорловларига учган ва ўзлари учун аккунт очиб, «жиҳод»ни талаба билан бир вақтда тарғиб эта бошлаган.
Улар ҳам талаба билан бирга Москвага учиш арафасида қўлга олинди. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари улгурмаса, тўртталаси ҳам Москва орқали Сурияга етиб олиши муқаррар эди.
Ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, тергов манфаатларини кўзда тутиб, айбланувчиларнинг исми-шарифи сир тутилган.