1 киши ҳалок бўлди, 3 киши касалхонада - Қозоғистонда поезд автобусни уриб кетди
15 сентябрь куни кечқурун Олмаота вилоятининг Шамалган станциясида поезд автобус билан тўқнашиб кетди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди, автобуснинг уч йўловчиси шифохонага ётқизилди.
16 сентябрга ўтар кечаси Шамалганнинг ўнлаб аҳолиси темир йўлни тўсиб қўйишди ва бу ерга кўприк қуришни талаб қилди.
Расмий идораларнинг хабар қилишича, автобус ҳайдовчиси тақиқлов сигналига қарамай темир йўлдан ўтган ва катта тезликда ҳаракат қилаётган поезд автобусга келиб урилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоёзувларда ўтишдаги тирбандлик, туширилган шлагбаум, семафорнинг қизил сигнали ва йўлда туриб қолган автобус акс этган. Айрим гувоҳларнинг сўзларига қараганда, ҳайдовчи автобусни ўрнидан қўзғата олмаган ва шу тариқа йўл бўшатилмаган, чунки автобуснинг олдида автомобиллар бор эди.
Фожиа оқибатида автобус ҳайдовчиси вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, 1979 йилда туғилган ҳайдовчининг исми Бахитжан эди. Расмий маълумотларга кўра, Каскелен шифохонасига бир аёл ва икки бола (2014 ва 2016 йилда туғилган) ётқизилди.