Ўзбекистонда Бош давлат санитария врачи ва Санитария инспектори тайинланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги тайинловлар амалга оширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабарига кўра, давлатимиз Президентининг тегишли қарори билан Атабеков Нурмат Сатиниязович Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи - Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария инспектори, этиб тайинланган. Н. Атабеков бугунги кунга қадар Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори бўлиб фаолият юритган.
Алматов Баҳром Ибрагимович эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори - Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи этиб тайинланган. Бундан олдин Б. Алматов Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотилари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган эди.