Италиядаги ижтимоий хизмат вакиллари россиялик аёлнинг 5 яшар ўғлини сотиш ниятида ўғирлаб кетишди…
41 ёшли Анна Варганова Италияда яшаб турган маҳал италиялик эркакдан ҳомиладор бўлиб қолди. Боланинг отаси фарзандидан очиқчасига воз кечди. Ҳомиладорлик пайтида ижтимоий хизмат вакиллари унга боласини бадавлат оилаларнинг бирига ижарага беришни таклиф қилишганди. Шубҳасиз, аёл бош тортди. Шундан кейин улар Аннага ётоқхонадан битта хона ажратишди. Яшаб туришга жойи йўқлиги сабабли аёл рози бўлди. Бироқ ижтимоий хизмат вакиллари бу вақтда бола учун бадавлат оила қидириш билан банд эди. Кунларнинг бирида уни офисга чақиришди. Анна уларга боласи билан бирга Россиянинг Саратов вилояти, Энгельс шаҳрига — туғилиб ўсган юртига қайтиш ниятида эканини яна бир бор таъкидлади. Аммо ижтимоий хизмат вакиллари уни ватанга қайтиш имконидан маҳрум қилишди. Ими-жимида болани ўғирлашди ва бекитиқча Аннани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишди.
Бегона юрт-да. Аннанинг қўлидан ҳеч нарса келмади. Маҳаллий корчалонларга ҳеч нарсани исботлаб, уқтира билмади. Ҳозир Анна Россия президенти Владимир Путинга ёрдам сўраб мурожаат этган. Ёрдам бериладими-йўқми, ҳозирча номаълум.