БИЛАСИЗМИ?..
ТЎРТ АСР БЕКОР ҚИЛИНМАГАН АҲМОҚОНА ҚОНУН
Ҳа, 1615 йили Исландия соҳилларига Баскониянинг учта кемаси яқинлашиб келди. Улар кемани заҳира овқат ва ичимлик сувига тўлдиришди-ю, жўнаб кетишди. Аммо очиқ денгизга чиққач, кутилмаганда тўфон турди ва уччала кемани ҳам ҳалокатга йўлиқтирди. Тирик қолган басконияликлар аранг соҳилга чиқиб жон сақлашди. Афсуски, басконияликлар азбаройи оч қолганидан маҳаллий исландларнинг уйларига ҳужум қилиб емишларини тортиб ола бошлашди. Иш қонли тўқнашувларгача етди. Шунда маҳаллий комиссар Ари Магнуссон воқеадан хабар топади-ю, қарор қабул қилади. Қарорга кўра соҳилга яқин келган ёки қуруқликда дуч келган ҳар бир баскониялик ўлдирилиши лозим эди. Комиссарнинг қарори ўша заҳоти кучга кирди. Қарангки, Исландияда шу қарор то 2015 йилга қадар кучини йўқотмабди. 2015 йилигина ҳозирги ҳукумат раҳбарлари қарорни бекор қилишди. Бу иш тантанали равишда адо этилди. Унда Баскония делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Бу Исландиядаги ягона аҳмоқона қонун эмас. Масалан, ХХ аср давомида исландияликларга пиво ичиш қатъиян тақиқлаб келинган. Спиртли ичимликларнинг исталган турини ичинг, аммо пиво тақиқланади. Нега? Маълум бўлишича, пиво ичиш 1915 йили тақиқланган бўлса, бунинг арзирли сабаби бор экан. Исландия узоқ йиллар Дания ҳукмронлиги остида бўлган. Пиво эса Данияда миллий ичимлик ҳисобланади. Шунинг ҳисобига данияликлар мустамлакасига барҳам берилганданоқ янги ҳукумат раҳбарлари пиво ичишни фуқароларга тақиқлаб қўйишибди.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади