Мы в Telegram
Добавить новость
123ru.net
World News in Uzbek
Июль
2019

СНАЙПЕР… (27-қисм)

0

 

 

* * *

 

Пича йўл юришгач, Мирсолининг миясида яна турли чалкаш ўйлар ғужғон ўйнай бошлади. У сира тап тортмай баланд овозда аллакимлар билан жанжаллашиб, аллакимларга ўпка-гина қила бошлади. Полковник гоҳ кулгиси қистаб, оғзини кафтлари билан аранг ёпиб қолар, гоҳ жаҳл отига миниб, Мирсолини муштлаб юборай дерди.

— Эна, эналарим, — Мирсоли кутилмаганда сал овозини пасайтириб сўзланишга тушди. — Ота, сизам шу ердамисиз? Ҳа-а, сизлардан хафаман. Нимага? Нимага бўларди? Ёнингизда қолдирмадингиз-ку! Мана энди дўзахга олиб кетишяпти мени. Ким дейсизми? Ким бўларди? Дажжол. Жудаям қўрқинчли дажжол. Аммо мен ундан қўрқмайман. Хоҳласам, бир зарб билан иягини тушириб қўярдим, лекин ўша дўзахи қанақайкин деб қизиқдим-да!..

Шундай деди-ю, Мирсоли дафъатан сўзланишдан тўхтаб киссаларини пайпаслади. Полковник қанча ҳайратланмасин, унинг қилиқларидан энсаси қотмасин, ортиқча ҳаракат содир этишга шошилмасди. Шу сабабли у Мирсолининг кейинги ҳаракатларини кутган кўйи тек ўтираверди.

Мирсоли киссаларини ковлай-ковлай ҳеч вақо тополмагач, бир муддат полковникка тикилганча жим бўлди. Сўнгра қайтадан сўз бошлади. Бу гал ҳеч ким билан тиллашмади. Ўзига ўзи танбеҳ бера бошлади.

— Мен муҳаббатга ишонардим, — деди у муштларини тугиб. — Башоратчиман, менинг айтганим сўзсиз ҳақиқатга айланади, дунёнинг ҳамма сирларини биламан деганим қаерда қолди? Мана, Юлянинг келишига, мени дейишига қаттиқ ишонгандим. Қани у? Келмади-ку! Ҳай, ажинамисан, ё фариштамисанлар? Ким бўлсанг ҳам айтларинг! Нега Юля келмади? Мени алдадиларингми?.. Шунақа-да, ўзларингга нимадир керак бўлса, манфаатларингга тўғри келса овоз берасанлар. Ҳозир менинг ишим тушди-да, ҳамманг тилингни тишладинг. Ҳали қараб турларинг, адабингни бераман ҳаммангнинг! Абжағингни чиқарвораман, ҳа!..

— Ҳай-ҳай-ҳай-й, — полковникнинг сабр косаси тўлдими, Мирсолининг елкасига қўлини қўйиб тинчлантира бошлади. — Аччиқланма! Одамларингми, нимайди, ажинами, фариштами, ишқилиб, ўшаларинг ухлаяпти шекилли. Сабр қил, уйғонишса, албатта садо беришади. Қизлар масаласига келсак, куйган битта сенмас. Қизлар шунақа алдоқчи бўлишади. Қўй, куйинаверма!..

Мирсоли худди қаердалигини буткул унутиб қўйган одамдек полковникнинг товушини эшитгани ҳамоно бир сесканиб олди-да, унга ҳайрат аралаш тикилиб қолди.

— Нима бўлди сенга? — сўради полковник. — Танимаяпсанми? Мен оғанг, халоскоринг, бошингдаги тожингман! Ўзингни қўлга олсанг-чи мундоқ!..

— Сиз… Аблаҳсиз! — деди Мирсоли полковникка совуқ термилиб. — Сиз қўрқинчли бандалардансиз! Дўзахисиз!..

— Албатта, — кула-кула жавоб қилди полковник. — Сениям ўша дўзахимга олиб кетяпман-ку! Дўзахилигимни ўзим ҳам биламан! Аммо ҳозир сенга индамайман. Идорага етволайлик, ўша ерда гаплашамиз! Қанақа ҳунаринг бўлса кўрсатаверасан. Ҳозир ўзингни бос! Ҳайдовчи аканг кулавериб иштонини ҳўл қилиб қўйган кўринади. Тағин машинани бир ерга урволмасин! Идорада кулдирасан энди камини!..

Мирсоли ҳеч нарса демай, нафратини ошкор этган ҳолда қовоқ уйиб олди-ю, юзини терс турди.

Полковник шунчаки пўписа қилган экан. Мирсолини турмага ҳам, идорага ҳам эмас, ўзининг шаҳар четидаги дала ҳовлисига олиб борди.

Дала ҳовли у қадар ҳашаматли эмасди. Тўрт хонадан иборат кўримсизгина бино, эшиги тахтадан қурилибди. Аммо ҳаво ўзгача тоза эди. Мирсоли миясида алланечук ўйлар чарх урса-да, ҳавонинг тозалигини ҳис эта билди. Ҳаво сабабми, энди кўз ўнгида оламдан ўтган яқинлари намоён бўлмай қўйди. Уларнинг ўрнини қандайдир мурда, текис-нотекис сўқмоқ, шохлари қуриб қақшаган паст-баланд дарахтлар эгаллади. Ҳадеганда Мирсоли юрагини ваҳм босиб титраб кетаверди. Афсуски, унинг аҳволига на полковник, на ҳайдовчи эътибор берди. Аравачани пастга тушириб қўйишди-да, ўзлари ичкарига кириб чироқларни ёқишди, ҳайдовчи раҳбари имоси билан дарров ўчоққа ўт қалади. Афтидан бирор егулик пишириш ҳаракатини бошлади.

— Қани, башоратчи Морозов, ичкарига кирамиз энди, — деди полковник ниҳоят ҳовлига чиқиб. — Юр, ўзим сени олиб кираман!

Мирсоли қўрқинчли тасаввурлар тарқаган каби сергак тортиб, полковникка ер остидан разм солди. Унинг қовоқлари уйиқ, нимадандир безовталиги ҳаракатлари чалкаш, бежолигидан сезилиб қолаётганди.

«Негадир қалбим ҳеч вақони сезмаяпти, — кўнглидан ўтказди Мирсоли ҳайҳотдек хонага киргач кўзларини юмиб. — Юля ҳам кўриниш бериши зарур эди. Келмади олдимга. Нега? Нима учун ўзгариб қолдим тағин? Манави-чи? Шундан қўрқдимми? Нима учун? Турмага қамашидан чўчидимми? Шунинг учун қалбим менга садо бермаётганмикан? Йўқ, ундаймас. Ҳозиргина даҳшатли саҳналарни кўрдим. Ёруғ дунёнинг энг чиркин тасодифларига гувоҳ бўлдим. Демак, мен ҳали адо бўлмадим. Фақат полковник не ниятда дала ҳовлисига олиб келганини англай олмаслигим алам қилади. Қанийди, у гап бошлашидан олдин ўзим барчасини идрок эта олсам…»

— Биласанми нега сени турмага олиб бормадим? — сўради полковник кутилмаганда Мирсолининг қаршисида турган эски курсига чўкиб. — Топ-чи башоратчи!

— Ҳой бўлғуси генерал, — босиқлик билан сўз қотди Мирсоли. — Устимдан кулаверманг! Тағин менинг куним бошингизга тушиб қолмасин! Ҳозирги замонда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам қирқ кунмас, қирқ дақиқада қайтяпти. Шуни унутманг!..

— Майли, ўзим айтаман, — деди полковник Мирсолининг танбеҳларига эътибор қилмай. — Сенга манавинақанги оёқсизлигинг асқотди. Сендақаларни қамаб ким барака топарди. Турган битганинг хархаша, ташвиш бўлса… Бўпти, жаҳлинг чиқмасин, сени бу ерга олиб келганимни ҳам айта қолай. Ҳов, Морозов, сен ҳайдовчимнинг олдида бир пул қилдинг-ку! Шуни биласанми?

— Нима қипман бир пул қилиб? Ҳақиқатни айтдим холос.

— Бир нарсани билиб қўй. Ҳали ёшсан. Сенга маслаҳатим, ҳеч қачон оқимга қарши сузмагин. Узоққа бора олмайсан барибир. Тушунтира олдимми?

— Ниятингизни айтинг, полковник, — деди тоқати тоқ бўлиб Мирсоли. — Ҳалиям бошим қотиб турибди. Мендан нима истайсиз ўзи?

— Ўзинг англамадингми? Башоратчисан-ку ҳарқалай!

— Ҳа, англамадим. Мен-чи, ҳеч қанақанги башоратчи эмасман. Тадбиркорман.

— Тадбиркормиш, — совуқ тиржайиб қўйди полковник. — Сендақа тадбиркорларнинг минг хилини кўрди манави кўзларим. Майли, энди келишиб, эркакчасига гаплашиб олайлик. Тушун, сен менга ҳеч ким эмассан. Ёмонликка олсам, бўйнингга бир дунё айбни юклаб қаматиб юбораман. Бу иш қўлимдан келади. Локигин қаматмайман. Эвазига сен бундан кейин машинада тўқиган эртагингни такрор тилингга олмасликка сўз берасан. Хўш, сўз берасанми?

— Хўп, шундай ҳам дейлик. Кейин-чи? Кейин нима бўлади?

— Кейинми?.. — полковник даст ўрнидан турди-да, дераза қаршисига бориб ҳовлидаги ҳайдовчини бирпас кузатди. Кейин эса қайтадан Мирсолига юзланди.

— Биласанми, ҳозир сенга бир сурат кўрсатаман. Сенинг ишинг шу суратдаги одам ҳақида гапириш бўлади. Ким у, қаерда яшайди, нима иш қилади… Хуллас, ҳунарингни ишга солишингга тўғри келади. Маъқулми?

Мирсоли шу гапдан кейингина узоқ вақт ғафлатда қолиб уйғонган одамдек беихтиёр сергак тортди. Миясида яна алланечук ўйлар, тасаввурлар айлана бошлаганини пайқади.

— Розиман, — деди руҳиятидаги ўзгаришдан кўнгли равшан тортиб. — Қачон кўрсатасиз?

Полковник мийиғида жилмайиб, ҳеч нарса демай ҳовлига чиқиб кетди. Сал ўтмай ҳайдовчини эргаштирганча хонага қайтди.

 

* * *

 

Аммо шу тобда Мирсолининг ранги докадек оқариб, ўтирган ерида бош чайқар, вужудида пайдо бўлган титроқдан ҳушини йўқотай дерди.

— Сенга нима бўлди? — ҳовлиққанча Мирсолининг тепасида ҳозир бўлди полковник. — Мазанг бўлмаяптими?

Мирсоли унга жавобан қўли билан «йўқ» ишорасини қилди-ю, чайқалишда давом этди. Шундагина полковник ниманидир идрок этгандек хотиржам тортди. Мирсоли «транс» ҳолатига кирганига тўлиқ амин бўлиб, ҳайдовчисига ҳам кўз ишоралари билан ўтиришни буюрди.

Шу кўйи улар тахминан ўн дақиқача тек ўтириб қолишди. Бу орада Мирсоли титрашдан, бош чайқашдан тўхтаб, бир неча марта чуқур-чуқур нафас олди ва кўзлари мошдек очилиб полковникка маъноли боқди.

— Сиз менга яқинроқ ўтиринг, — деди у полковникка. — Қон босимингиз хуруж қиляпти. Кўзларингиз қизарган. Нега бардош қиляпсиз? Ахир юрак билан боғлиқ-ку қон босими!

Полковник Мирсолига ортиқ сўз демай, оғзи ланг очилганча аравачага яқинроқ ўтирди. Афтидан у Мирсолининг сирли қобилиятига ростакамига қойил қола бошлаганди.

— Сен қайдан била қолдинг қон босимим ошганини? — сўради атайин полковник сир бой бермасликка тиришиб. — Сенга арз қилмадим-ку!

— Мен аниқ-тиниқ кўриб турибман қонингиз кўпираётганини, — деди Мирсоли полковникнинг чап қўлини ушлаганча кўзларини юмаркан. — Қайнаб қозондан тошаётган сутдек кўпиряпти. Бунақада ҳолингиз танг бўлиб қолади.

— Нима қилсам яхши бўламан? — сўради полковник ҳайдовчига кўз ташлаб қўйиб. — Давоси борми бу қизиталоқнинг?

— Яна икки марта мендан муоалажа олсангиз, бир-икки ой жонингиз тинчийди. Хуллас, доимий равишда даволаниб юришингизга тўғри келади.

— Яхши, кўндирдинг… Вей, окаси, ҳаммаёғим қизиб кетяпти. Ўлиб қолмайманми ишқилиб?

— Ҳозир жойига тушади, — деди Мирсоли энди кўзларини очиб гавдасини сал ортга ташлаш асносида. — Хўш, енгил тортяпсизми? Совидими танангиз?

— Ҳ-ҳа, совиди вей, — беихтиёр қичқириб юборди полковник. — Ҳой, ука, тап-тайёр табиб экансан-ку ўзинг ҳам! Қойилман сенга! Айтганча… Сурат масаласини нима қиламиз?

Мирсоли аста киссасига қўл солиб боягина полковник берган суратни қўлига олди ва бир муддат тикилиб туриб сўз қотди.

— Бу Афанасий Петров деган одам. Катта тижоратчи, аммо жуда хасис эди. Ҳукумат одамлари билан ёвлашиб қолган. Охирги марта уни қалин ўрмон ёқасида кўришган.

— Нега энди ўтган замонда гапиряпсан, — хавотирга тушган одам каби ясама безовталик билан сўради полковник. — Бу билан нимага шаъма қиляпсан?

— Олдин гапларим тўғри-нотўғрилигини тасдиқланг. Шундан кейин сабабини айтаман.

— Умуман… Шахсини тўғри аниқладинг.

— Жуда яхши. Энди қулоқ солинг. Мен суратда фақат қонни кўряпман. Қон дарё бўлиб оқяпти! Сиз… жасадни топа олмай ҳалаксиз. Шундайми?

— Э, баракалла-а, — сапчиб ўрнидан туриб кетди полковник. Шу баҳонада ҳайдовчига юзланди. — Серёжа, кўрдингми, Морозов кучли экстрасенс чиқиб қолди. Ҳаммасини тўғри топяпти. Морозов, сен гапни айлантирмай, бизга жасад қаердалигини айт! Тезроқ ишни ёпайлик! Ҳарқалай, бу одам давлат аҳамиятига молик шахс эди. Энди тушундингми?

— Бир шартимга рози бўлсангиз айтаман жасад қаердалигини, — дея полковникка сирли боқди Мирсоли. — Акс ҳолда ишимни шу ерда тўхтатаман. Ҳа, дарвоқе, мени тағин турма билан қўрқитадиган бўлсангиз, кейинчалик ўзингиз афсусланасиз. Кўнглим сезиб турибди.

— Қўйсанг-чи, менам одамман, ахир! Гап битта, худо битта! Бизнинг ишда ёрдам бериб турсанг, бас. Ҳамма шароитни яратиб берамиз сенга. Ишон!

— Ишондим, — деди Мирсоли қовоғи уйилиб. — Ҳозир тағин мазам қочгиси келяпти. Бирпасдан кейин гаплашайлик. Майлими?

— Жуда маъқул. Сен трансингга кириб чиқавер! Биз Серёжа билан кутиб турамиз!..

— Илтимос, мени ўн дақиқага ёлғиз қолдиринглар! Агар малол келмаса албатта…

Хонада бир ўзи ёлғиз қолгандан кейин Мирсоли боягидек ранги оқарган, бошини телбаларча уёқдан-буёққа чайқаган кўйи тўлғона бошлади. Ҳар тўлғонганда ўзи сезмаган ҳолда баланд овозда оҳ тортаверди. Ниҳоят тўлғонишлар барҳам топиб, у ўтирган жойида қаддини ростлади. Лекин кўзлари атрофга бежо боқар, худди алланимадан қўрққан каби ора-сирада сесканиб оларди.

— Мен ҳамма ёмон ишларни ташлайман, худойим, — дея тилга кирди Мирсоли. — Йў-ўқ, фаришталар, худонинг кечира-кечира кеч уришини яхши биламан. Ищонинглар, бугуноқ тўғри йўлга қайтаман. Илтимос, мени қийнаманглар! Ваъдамда тураман. Тавба қилди-им!.. Ҳай полковни-ик! Қай гўрга гум бўлдингиз? Кирмайсизми энди?

Полковник эшик ортида турган эканми, шаҳд билан хона эшигини очиб ичкарига кирди.

— Хўш, яхшимисан энди? Башоратингни давом эттирасанми?

— Зудлик билан йўлга отланишимиз керак, — деди Мирсоли. — Қон кўряпман. Ўзга давлат чегарасига яқин жойда, қалин ўрмон ёқасида қон. Шошилайлик!..

Полковник бу гапни эшитди-ю, ортиқча савол бериш бефойдалигини англаб, Мирсоли ўтирган аравачани ташқарига олиб чиқишга тутинди.

 

* * *

 

Мирсоли машинада жимгина ўтирарди-ю, ҳануз нималар бўлаётганини гўё идрок эта олмасди. Миясига ёғилаётган турли тоифадаги ўйлар аслида қай тарафдан келаётганини билмасди. Билишга уринмасди ҳам. Худди онадан телба қиёфасида туғилгандек миясида пайдо бўлган жумлаларни тилига кўчирарди. Бунинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлиги уни умуман қизиқтирмасди. Қизиқтирган тақдирда ҳам Мирсоли мулоҳаза қилишга ожиз эди.

Шу ҳолатда машина Мирсоли тахминан белгилаб берган манзилга етиб тўхтади. Полковник яна икки ходимини ўзи билан бирга олиб келганди. Улардан бири Мирсолини пастга туширгач, юкхонадаги иккита белкуракни қўлига олди. Мирсоли эса ҳеч кимга индамай, эътибор қилмай аравачани қалин ўрмон ичкарисига йўналтирди. Шу тахлит бир чақиримча йўл босди ва кутилмаганда аравачани тўхтатиб, ортга бош бурди. Олдинда полковник, унинг ёнида ҳайдовчи, бир неча ўн метр нарида эса белкурак қўлтиқлаган икки йигит туришарди.

— Ҳов анави буталар остини ковлашсин, — деди Мирсоли зарда аралаш. — Ҳа, худди ўша жойни! Ковлайверишсин! Ковлайверишсин!..

Йигитлар кўрсатилган бута остини чамаси бир метрдан зиёд чуқур қилиб ковлашди. Бир маҳал белкураклардан бири қандайдир қаттиқ матога урилгандек бўлди. Мато устига эса похол, латта-путталар қалаштириб ташланганди.

Йигитлар шоша-пиша похол ва латталарни ташқарига ирғитиб, эни ярим метрдан ортиқроқ қора қутини юқорига тортиб олишди. Чуқурдан жасад чиқариб олишларини кутаётган полковник бирдан ранги ўзгариб, Мирсолига савол назари билан тикилиб қолди.

— Буни қандай тушуниш керак? — сўради полковник Мирсолига еб қўйгудек тикилиб. — Жасад қани?

— Олдин қутини очтиринг, — деди Мирсоли пинагини бузмай. — Кейин бераверасиз саволингизни.

Йигитлар полковникнинг кўрсатмаси билан қутини очишди. Не кўз билан кўришсинки, қути тўла тилла эди. Полковник ҳеч нарсага тушунмай, гоҳ қутига, гоҳ Мирсолига жавдирарди.

— Ҳайрон бўлманг, — дея полковникни юпатган бўлди Мирсоли. — Бу тиллаларниям ўша сиз жасадини қидираётган одам кўмдирган. Тиллалар ўғирланган. Аммо қаердан ўғирланганини айтмайман. Агар керак бўлса, ўзингиз суриштириб билволаверасиз.

— Менга жасадни кўрсат, — деди полковник ҳануз чеҳраси тундлашган кўйи. — Шуниси муҳимроқ бизга ҳозир. Тўғри, тиллаларни топиб берганинг ҳам жуда соз бўлди. Чунки бу одамдан узоқ йиллар гумонсираб келардик. Мана, гумонларимиз тўғри бўлиб чиқди. Қани, Морозов, энди мурда қаердалигини айт! Йигитлар ковлашсин! Вақт кетяпти!

Шу тобда Мирсолининг ранги ўзгариб, ғойибона товушлар қулоқлари остида жаранглай бошлаганини ҳис этди.

— Нари кет, — буюрди унга номаълум товуш соҳиби. — Фурсатни бой бермай олдинга юр!

Мирсоли беихтиёр безовталаниб, полковникка юзланди.

— Мен… Ҳозир келаман, — деди у аравача тутқичидаги керакли тугмачани босиб. — Беш дақиқада қайтаман.

Полковник ҳайрон бўлди-ю, Мирсолининг руҳиятида ўзгариш содир бўлиши муқаррарлиги ёдига тушиб бош ирғаганча нари кетди. Мирсоли эса чамаси юз метрча нарига бориб тўхтади-да, кўзларини юмиб навбатдаги кўрсатмаларни кута бошлади. Ғойибона товуш ҳам узоқ кутдирмади.

— Жасад қути кўмилган ердан эллик метр нарида, — деди товуш эгаси. — Аммо ҳеч кимга айтмайсан. Сабабини ҳис этдингми?

— Йўқ, ҳис этмадим, — овоз чиқариб жавоб қилди Мирсоли. — Мен ким бўлибманки, ҳис эта олсам.

— Унда биз айтамиз. Агар мурдани топиб берсанг, улар ўликхонага олиб бориб ёришади. Жасад эгасининг руҳи чирқиллайди. Шунинг учун сен зинҳор мурда кўмилган жойни кўрсатмаслигинг керак.

— Унамай туриб олса-чи? — соддаларча сўради Мирсоли ҳануз кўзларини очмай. — Бу одам жуда қайсар-ку, ахир!

— Ўтган галгидек маълум муддатга қалбини музлатиб қўясан. У қаршилик билдира олмайди.

— Розиман. Кейин-чи? Кейин нима қилай?

— Тинимсиз тавба қил! Гуноҳларинг ёруғ дунёга сиғмас даражада кўпайиб кетган. Иложи бўлса, энкайиб, юзларингни ерга ишқалаб тавба қил! Зора худо раҳмингни еса!..

Мирсоли шу таъкидлардан сўнг шошилиши лозимлигини англади ва шоша-пиша аравачани ортга қайтарди.

— Хўш, трансинг тамом бўлдими? — сўради полковник унинг тепасида ҳозир бўлиб. — Кўрсат унда жасад кўмилган жойни!

Мирсоли жавоб беришга шошилмай, бошини қуйи солганча тек ўтириб қолди. Сўнгра норозиланган каби жуссасини у ёндан буёнга ташлаб, лабларини титратиб полковникка ер остидан жавдираб боқди.

— Нима бўлди яна? — сўради полковник тоқатсизлана бошлаганини сир тута олмай. — Бўла қолмайсанми энди! Вақт кетяпти, ахир, Морозов!..

— Бир қошиқ қонимдан кечинг, — деди ниҳоят сал ўзини қўлга олиб. — Мен… Адашибман! Янглишибман!

— Нега адашасан? Тушунмадим. Нимани назарда тутяпсан, ҳой бола?

— Мурда қаердалигини аниқлай олмаяпман. Ишонинг, жуда ожиз қолдим. Сира топа олмаяпман.

— Қ-қанақасига? Ие, буниси қизиқ бўлди-ку! Нега аниқлай олмайсан? Қанақа башоратчисан ўзи? Мени аҳмоқ қилмоқчимисан тағин?

— Нега тушунмайсиз? — атайин зардали оҳангда қичқирди Мирсоли. — Мен худомасман-ку! Осон тутавераркансиз-да! Тополмадим. Хўш, нима қилишим керак? Ўзимни осайми шу ерда?..

— Ўлгудай бўлмағур болайкансан, — полковник ҳафсаласи пир бўлиб ғудрана-ғудрана машина томон юрди. — Ҳай йигитлар, манави башоратчини машинага ортинглар! Кетамиз! Бўла қолинглар! Шунча вақтимни еб битирди бу даюс!..

Полковник қанча норозиланмасин, Мирсоли кўнглига яқин олмади, ранжимади, жаҳл қилмади. Сукут сақлашни маъқул деб билди. Қолаверса, у сўнгги икки-уч соат ичида ич-этини ер, надомат ўти вужудини куйдириб, ўзини қўярга жой топа олмасди. Устига-устак, ҳаво ўзгара бошлаганиданми, яримта оёқларининг тикилган қисмида кучли оғриқ туриб, уни безовталанишга, оҳ чекишга мажбур этарди. Иродаси ниҳоятда кучлилигидан тишни тишга босар, иложи борича эътиборсиз бўлишга интиларди. Шунинг учун ҳам қалбида пайдо бўлган надомат денгизида сузиб, бу денгизнинг залворли, бир-биридан ҳайбатли тўлқинлари қуршовида дард чеккиси келарди. Қарама-қарши ўйлар, тушкунлик исканжаси эса бағрини ўйиб борарди.

— Мен ростакамига ярим жон бўлиб қолдим, — ўзига ўзи сўзланарди Мирсоли Настя холадан қолган квартира балконидан ташқарини ҳиссиз кузатиб. — Бошида ҳаммасини енгаман, ёвни доғда қолдираман, бу дунё, тақдирим, қисматим барибир менинг йўриғимда бўлади деб ўйлагандим. Янглишганга ўхшайман. Ҳар қадамда, ҳар сонияда нақадар ожизлигим, яроқсизлигим сезилиб қоляпти. Дуч келган одам менга юқоридан туриб қарамоқда. Ҳар сирли, аянчли нигоҳ ташлашганда, икки оёғим йўқлиги бошимга тўқмоқдай урилиб жонимни азоблаяпти. Мана, Юлянинг келишига, кўнглини очишига қаттиқ ишонгандим. Тарвузим қўлтиғимдан тушди. Шу жажжи қиз ҳам мени менсимади. Худди «Тегсам, сендақа ногиронга тегаманми?», дегандек келмади-қўйди. Демак, менга уйланиш, бола-чақа орттириш ҳам мумкин эмас экан-да! Нега? Наҳотки, одам ўлдирганларим, бировлар кўнглига озор берганим, бировларнинг уйини азага тўлдирганим, ҳаром пул топганим ўзимга калтак бўлаверса? Мен энди умримнинг охиригача шундай ёлғиз, нотавон бўлиб яшайманми? Нега? Мен умуман бахтли бўлмайманми, худойим? Сени кечиримли, бағри кенг деб ҳисоблардим. Демак, ўйлаганларим сароб экан-да! Сени севишим, сенга топинишим, ўзингга сажда қилишимдан наф йўқ экан-да! Сен барибир менга бахт, қудрат ато этмайсанми?.. Йўқ, йўқ, сен ҳамиша ҳақсан! Акс ҳолда менга ғойибона қудрат бермасдинг. Худойим, ўзинг ҳаммасини кўриб, билиб турибсан. Менга бундай қобилиятнинг сира зарурати йўқ эди. Шунинг ўрнига мен нотавонга бир сиқимгина бахт, хотиржамлик, сокинлик, хуш онларни ҳадя этсанг бўлмасмиди? Ахир, умрида чимилдиқ кўрмаган бўй йигит учун бу ўлимдан ҳам баттар-ку! Бандангга раҳминг келмайдими?.. Астағфирилло! Ўзинг кечир шаккоклигимни! Майли, пешонамга шундай кулфатларни ёзган экансан, бардош қиламан, тўсиқларни енгаман! Э, худойим, нимага дийдиё қилиб ўтирибман ўзи? Ҳозирги замон қандайлигини унутиб қўйибман-ку! Ҳа, оёқларимни тортиб олганинг билан ҳамон бойликларимга эга қилиб қўйибсан, шукр! Манаман деган қизлар ортимдан чопади ҳали, ҳа! Замонамнинг манаман деган гўзал қизиям жарақ-жарақ пулларни кўрганда таъзим қилганини сезмай қолади. Менинг кўнглимга қарайди, овутади, эркалайди, соямга салом беради. Биламан, клуб очганим бошиданоқ сенга маъқул келмовди. Сезардим, юракдан ҳис этиб турардим. Аммо ён бергим келмасди. Шаккоклигим устун эди ўшанда. Мана энди мулла минган эшак каби ювош тортишга мажбур бўлиб ўтирибман. Хайрият, бирни олиб, ўрнига бошқа бирни бердинг. Ўзингга шукр! Тавба қилдим! Ўзинг мени тўғри йўлдан адаштирмагин, тангрим! Ҳеч қачон оёқсиз қолганимни ўзимга сездириб қўймагин, илойим!..

Мирсоли аллақачон бир тўхтамга келиб бўлганди. Сизиб чиқа бошлаган кўз ёшларини енгига артди-да, аравачани ташқарига ҳайдади.

У бугуноқ клубни сотиш, банкдаги пулларни қайтариб олишга қарор қилганди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 






Загрузка...


Губернаторы России
Москва

Собянин: в Москве начался сезон фонтанов


Спорт в России и мире
Москва

Команда Орловской области стала победителем хоккейного турнира среди команд Черноземья


Загрузка...

Все новости спорта сегодня


Новости тенниса
Новак Джокович

Шикарный и практичный стиль Елены Джокович из базовых вещей


Загрузка...


123ru.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.


Загрузка...

Загрузка...

Экология в России и мире
Москва

Учения по ликвидации лесных пожаров прошли в Богородском округе





Путин в России и мире
Москва

Петербургский автопром вышел из кризиса, заявил Беглов


Лукашенко в Беларуси и мире
Минск

Это - война: литовские беспилотники попытались атаковать Минск




123ru.netмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "123 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Smi24.net — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

123ru.net — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.





Зеленский в Украине и мире

Навальный в России и мире
Москва

Продюсера Reuters арестовали за публикацию материалов на YouTube-канале «НавальныйLIVE»



Здоровье в России и мире


Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России






Загрузка...

Загрузка...



Юрий Лоза

Юрий Лоза объяснил, почему Чулпан Хаматова критикует Россию



Москва

«К сожалению»: смогут ли клиенты криптобиржи Beribit вернуть свои деньги

Друзья 123ru.net


Информационные партнёры 123ru.net



Спонсоры 123ru.net