БИЛАСИЗМИ…
ДУНЁДАГИ ЭНГ ХАВФЛИ ОРОЛ
Бразилия соҳилларидан 35 километр узоқликда Кеймада-Гранди деган орол бор. Айтишларича, бу орол ер юзидаги энг хавфли орол ҳисобланади. Хавфлилиги шундаки, оролда фақат илонлар истиқомат қилади. Қачонлардир шу илонлар оролда яшовчи одамларни сиқиб чиқарган. Ҳозир бу ерга жонидан тўйганларгина ташриф буюриши мумкин.
Оролнинг майдони атиги 4 квадрат километр келади. Бразилия ҳукумати оролга хоҳ қуруқлик, хоҳ океан орқали бўлсин, келишни тақиқлаб қўйган.
Тарихий манбаларда оролнинг ўтмиши ҳақида бир қатор маълумотлар бор. Ҳақиқатан, қачонлардир шу ерда ҳам одамлар истиқомат қилган. Улар асосан балиқчилик билан шуғулланган. Лекин ажойиб кунларнинг бирида оролга илонлар тўдаси кириб келган. Одамлар қочишга тутинган. Аммо ҳеч ким жон сақлай олмаган. Барчалари заҳарли илонлар чақиши туфайли ўлим топган.
Илонлар бу оролдан нафақат одамларни, балки жами тирик жонзотларни қувиб солган. Қурбақалар, қумурсқалар ҳам аллақачон йўқ қилинган. Орол ҳукмронлари бўлмиш бу илонлар асосан қушлар билан озиқланади. Нима ҳам қилишсин. Билиб-билмай оролга қўнган қушлар илонларга ем бўлади.
Оролдаги энг хавфли илон сифатида «Ботропс» илони ҳисобланиб, узунлиги 1 метрга тенг. Бу илон чақса, одамга ўз вақтида кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳам иш бермайди. Мияга қон қуйилиш ва буйраклар фаолияти бузилиш жараёни жуда қисқа фурсатда жабрланувчини ўлимга маҳкум этади.
Орол ичкарисидаги ҳаётдан озми-кўпми маълумотга эга мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар квадрат метр майдонга камида бештадан заҳарли илон тўғри келаркан.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади