Ким Чен Иннинг кортежи ёнида югурувчи тансоқчиларнинг сири очилди…
Эътибор берган бўлсангиз, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг кортежи ҳаракатланган маҳал у ўтирган автомобилни ўраб олган бир гуруҳ тансоқчилар югурган ҳолда кузатиб боришади. Айтишларича, у болалик чоғларида Америка собиқ президенти Жон Кеннеди ҳақидаги «Олов чизиғида» фильмини томоша қилган. Ўша фильмда актёр Клинт Иствуд худди шундай ҳаракатларни содир этган. Ким Чен Ин ўша манзарани ҳаётга тадбиқ этишни ихтиёр қилибди.
Журналистлар Ким Чен Иннинг тансоқчилари ҳақидаги махфий материалларни «The Washington Post» газетаси мухбири Анна Файфилднинг Шимолий Корея раҳбари ҳақидаги китобидан олишибди. Китобда ёзилишича, Ким Чен Инни қўриқлаш учун тансоқчилар ўта кучли танлов асосида сараланаркан. Тансоқчиликка номзодларнинг саломатлиги космонавтларникидан ҳам мустаҳкамроқ, психологик жиҳатдан темиртан бўлиши, бўйи эса Ким Чен Иннинг бўйи билан баробар бўлиши керак экан.
Бундан ташқари, махсус хизмат ташкилоти тансоқчиликка номзодларнинг оилавий ҳаётини тафтишдан ўтказади. Улар тхэквандо, сузиш, жанг тактикаси кабиларни чуқур ўрганишлари лозим. Қолаверса, номзодлар қуролнинг барча турлари билан аъло даражада муносабат юрита олишлари талаб этилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шимолий Корея раҳбарининг ёнида қурол ушлаган ҳолда туриш ҳуқуқи фақат тансоқчиларга берилган.
Тансоқчилар югуриш бўйича ҳам тенгсиз бўлишлари зарур. Негаки, кортеж ҳаракатланган пайт унинг атрофини ўраб олган ҳолда югуриб бориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Охирги маълумот шундан иборатки, Ким Чен Инни қўриқлайдиган тансоқчилар сони 100 минг кишини ташкил этади. Улар орасида овқатни назорат этувчилар, ётоқхона қўриқчилари ҳам бор. Ётоқни хориж жосуслари Ким Чен Иннинг ДНК сини аниқлай олмасликлари учун қўриқлашади.