Турмадаги аристон қийноқларга қарши қорин қисми ва томирини кесиб ташлади…
22 ёшли Шерзод Усмонов безориликда айбланиб қамалган. Ҳозир Тошкент вилояти Бўка туманидаги 43- колонияда жазо муддатини ўтамоқда. У колония назоратчиларини ўзига нисбатан шафқатсиз қийноқ усулларини қўллашда айблади.
Дўсти учун қолдирган видеомурожаатида шу ҳақда батафсил айтиб ўтган. Ички ишлар вазирлиги вакилларидан бирининг айтишича, ҳозирда Шерзод Усмоновнинг видеомурожаати бўйича колонияда текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шерзоднинг тан олиб айтишича, илгари ҳам колония назоратчиларининг қийноқларидан безиб бир неча марта жонига қасд қилишга уриниб кўрган. Лекин муваффақиятсизликка учраган. Бу сафар ҳам яна ўша қийноқлар туфайли қўл томири ҳамда қорин қисмини кесиб ташлабди.
— Шерзод озодликда ким биландир муштлашиб қолган ва уни безориликда айблаб, 277- моддага асосан қамашган, — дейди Шерзоднинг дўсти. — Жума куни турма ходимлари уни қаттиқ калтаклашибди. Жонидан ўтиб ўзини ўлдиришга шайланибди.
Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиев айтдики, Ўзбекистондаги турмаларда назоратчилар аристонларни қийнаб, жонига қасд қилишга мажбур этиш ҳолатлари кўп учрайди.
— Одатда аристонлар бу қийноқларга бардош қилишади, — дейди ҳуқуқшунос. — Қийноқлар жонидан ўтгач, ўзини ўлдириш пайига тушишади. Шерзод Усмоновни қийнаган, калтаклаган турма ходимларини республика жиноят мажмуасининг 103- моддасига асосан жавобгарликка тортиш керак. Шу нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, турма ходимлари аристонни қийнаб қўлга тушса, турли йўллар билан вазиятдан чиқиб кетади. Кўпинча аристоннинг ўзини туҳмат уюштирганликда айблашдан ҳам тап тортишмайди.