Мы в Telegram
Добавить новость
123ru.net
World News in Uzbek
Июль
2019

ШАЙТАНАТ… (92-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Касалхонага ётинг, десам кўнмаяптилар. Нур берилмаса бўлмайди.

Йўтал азобидан ҳолдан тойган Асадбек бу гапни эшитиб, кўзини очди. Табибга қараб бармоқларини қимирлатди-да, «Сен кетавер», деган ишора қилди. Жалил табибни кузатиб чиқди.

Табиб хастанинг аҳволи оғир эканлигини таъкидлагач, хайрлашиб кетди. Жалил ҳовлида туриб қолди. Бу орада Муҳиддин ота ҳам ҳовлига чиқди-да:

— Ухладилар шекилли, бир оз ором олсинлар, — деди.

Шунда Жалил ошнасининг касали нима экани, касални ҳаммадан яшираётгани, ўзининг табибга бориб келганини айтди. Асадбекни у ёққа олиб бориш муаммосидан қийналаётганини ҳам билдирди. Икковлон ҳовлида турганларича режа туздилар. Режага кўра улар Асадбекнинг касалидан бехабар ҳолда, «йўтални тузатадиган» табибга бориб келишга даъват этадиган бўлдилар. Табибнинг ўжарлигини билган Муҳиддин ота ҳам бирга боришга истак билдирди.

Асадбек дорининг кучи билан пешинга қадар ухлади. У уйғонгач, режани амалга ошириш бошланди. Муҳиддин отанинг бирга боражагини билгач, Асадбек кўнди.

Қишлоққа яқинлашганларида йўл четидаги «Запорожетс»га кўзлари тушиб, тўхтадилар.

Режа бўйича Кесакполвон бу ёққа одам юбориб, эскироқ машина тайёрлаб қўйиши, улар қишлоққа шу аробада кириб боришлари лозим эди. Иш режа асосида бўлди.

Қишнинг совуқ нафаси сезилиб турса-да, ернинг илиқ бағри кечаси ёққан қорни эритиб юборган, тошлоқ йўлдан юриш бир оз қийинлашган эди. Уриниб қолган «Запорожец» кучаниб бўлса-да, манзилга эсон-омон етиб келди.

Абдураҳмон табибнинг дарвозаси очиқ, лойда қолган из яқин орада бу ҳовлидан уч ғилдиракли трактор чиққанидан огоҳ қилиб турарди. Дарвозага етишганда Муҳиддин ота «Мен чақирай», деди-да, остона ҳатлади. Икки ошна берироқда тўхтаб, кутишди. Ўлим билан юзма-юз бўлгач, такаббурлиги чекинган Асадбек мисоли ювош болага айланган эди.

Қария ҳовли томон уч-тўрт қадам босиб:

— Мулла Абдураҳмон ака! — деб чақирди. Жавоб бўлмагач, яна икки карра, энди овозини баландлатиб чақирди. Шундан кейин овоз берилиб, дам ўтмай Абдураҳмон табибнинг ўзи кўринди. Муҳиддин ота қироат билан салом берди. Шунга яраша табиб ҳам:

— Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу, — деб алик олди-да, қучоқ очиб кўришди. Улар қадрдонлардай юзларини юзларига қўйиб кўришдилар. Ислом одобини, хусусан, бу оламдаги одамлар бир-бирларига биродар эканликларини билмаган, тушунмаганлар бу ҳолатдан ажабланишлари табиий.

— Йўлимиз шу томонга тушиб эди, сиз муҳтарам зотни зиёрат қилмасдан ўтиб кетмоқни айб деб билдик, — деди Муҳиддин ота.

— Хўб ажаб иш қилибсиз, иним. Хонадонимга ризқ берувчи Тангрим меҳмон юборган экан, ўзига шукр қиламан. Қани, марҳамат қилсинлар.

— Тақсирим, менинг биродарларим ҳам бор.

— Чақиринг уларни, қадамларига ҳасанот. Тортинмай чақираверинг, уйимиз кенг, уй торлик қилса, Худо хоҳласа бағримиз кенгдир.

Муҳиддин ота бу мурувват учун миннатдорлик билдириб, ҳамроҳларини чақирди. Ҳайдовчи киришга унамай, чойхонада бўлажагини билдириб, аробасини бурди.

Гилам тўшалган катта хонада тезликда дастурхон тузалди. Нон синдирилиб, «олинг, олинг» бошлангунга қадар деярли гап-сўз бўлмади ҳисоб. Абдураҳмон табиб меҳмонларга зимдан қараб чиқди. Назари бир неча сония Асадбекда тўхтаб, унинг хасталигини фаҳмлади. Зотан, унинг хасталигини табиб бўлмаган одам ҳам билуви мумкин эди.

Меҳмонларнинг келишларидан мақсади касал боқтириш эканини сезса-да, табиб «Келинглар, хизмат» демади. Шу пайтгача бирон ўзбек меҳмонга «нима учун уйимга келдинг» демагани ҳолда пок-нопокни дуруст айира олувчи, ўзига имон йўлини маъқул деб таниган Абдураҳмон табиб айтармиди.

Жалил ҳам, Асадбек ҳам суҳбатга деярли аралашмай жим ўтиришди. Айниқса, Жалилнинг жим ўтириши улуғ таҳсинга лойиқ буюк жасорат эди.

Муҳиддин ота бирданига мақсадни айтмай, гапни узоқдан бошлади.

— Тақсир, бир ривоят ёдимга тушди, ижозат беринг, айтай. Ҳойнаҳой сиз бу ривоятдан хабардорсиз. Буни ҳамроҳларим учун айта қолай.

— Марҳамат қилинг, азизим…

— Ровийлар деярларки, подшоҳ бир қизни, отаси ҳамда икки акасини ўлимга ҳукм этибди.

Қиз ўлими олдидан бир қултумдан сув беришларини сўрабди. Подшо мурувват қилибди. Сувни ичиб бўлгач, қиз дебдики: «Эй, мурувватли подшоҳ, биз сиз берган сувни ичдик. Энди сизга меҳмонмиз. Меҳмонни ўлдириш мумкин бўлса, биз ўлимга тайёрмиз». Подшо қизнинг ақлига тан бериб ҳукмни бекор қилган экан. Алқисса, шулки, биз сизга меҳмонмиз. Ҳақиқат шулки, сиз ўлимга ҳукм қилувчи шоҳ эмас, хасталарга шифо берувчи табибсиз.

— Ундай эмас, иним, адашдингиз, астағфируллоҳ. Дард берувчи ҳам, шифо берувчи ҳам ёлғиз Оллоҳдир.

— Ҳақ рост, — деди Муҳиддин ота, бош эгиб.

— Иним, сиз мени кўринмас ип билан боғлаб олдингиз. Билиб турибман, бу иним, — у Асадбекка қаради, — хасталар. Муолажа ҳақида сўнгроқ сўз юритамиз. Ҳозир меҳмондорлик таомилини бузмайлик. Аввал таом, дейдилар. Ҳалиги аробаларинг соғлом одамни ҳам хаста этади. Бир оз дам олинглар. Мен эса, сиз айтган ривоятга жавоб айтай: «Ҳазрат Луқмон ҳакимдан сўрабдилар:

— Тўғри ва аниқ сўзлашни кимдан ўргандингиз?

— Кўр одамдан, — деб жавоб берибдилар ҳазрат. — Улар бир қадам босишларидан олдин аввал ҳассалари билан ерни пайпаслаб кўрадилар. Мен эса сўз айтишдан аввал ўйлайман». Алқисса шулки, сиз ўйлаб-ўйлаб дуруст сўзлар айтдингиз. Менинг кўнглим бундан тоғдир.

Шу зайлда лутф алмашилганидан сўнг ҳар икки томонни ажратиб турувчи ноқулайлик пардаси четга сурилди. Суҳбат эркин мақом касб этиб, ҳатто Жалил ҳам «мулла» сифатида қўшила бошлади. Красноярдаги суҳбатлар чоғида Жалилнинг «муллалик» даражасини яхши фаҳм этган Муҳиддин ота вақти-вақти билан унинг сўзини кесиб туришга мажбур бўлди.

Ҳамонки улар азиз меҳмонлар мартабасига кўтарилган экан, Муҳиддин ота ўзларини таништирмоқни лозим кўрди.

— Сизга бир қарашдаёқ қувғинди эканингизни юрагим сезган, — деди табиб. — Агар билсангиз камина ҳам қувғиндилардан. Ўз шаҳримни ташлаб келиб, бу қишлоқда макон тутганман. Бу инимнинг, — у Асадбекка қаради, — кўп зулм кўрганларини кўзларининг туби айтиб турибди. Аммо, ишқилиб адашаётган бўлай, кўзларининг сирти, айниқса қорачиқлари ўзгаларга зулм қилганларини айтиб турибди.

Бу гапни эшитиб, Муҳиддин ака бошини эгди. Асадбек ҳам бош эгиб бир оз жим ўтирдида, сўнг тан олди:

— Ота, адашмадингиз…

— Замон мажбур қилди уларни. Бизлар қувғинларда қолганда, булар қаровсиз бўлди. Кечаги куни Асадбек бўтам билан шуни гаплашиб эдик. Ҳукуматни кўрарга кўзлари йўқ.

Бизларни қамоқдан озод қилишди, тақсир, омма фарзандларимиз руҳлари шикастланганича қолди.

— Биламан, иним, биламан, — деди табиб оғир тин олиб. — Бу гапларга ҳожат йўқ.

Билсангиз иним, мен бошқа оламман. Совет Иттифоқи деган бадбахт давлатни дунё тан олган, аммо мен тан олмаганман. Совет Иттифоқининг чегараси сиз босиб ўтган дарвоза остонасида тугайди. Остонанинг бу томони бошқа дунё.

— Бу давлат юрагимиздан жой ололмади. Сиз яхши айтдингиз, тақсир. Энди бу чегарани янада узоқроққа улоқтириш замони келармикин? Бу ҳаромилар қачон йўқ бўларкин?

— «Ал-бирру ла юбла, ваз-занбу ла юнса ад-дайяну ла ямуту иъмал ма-шиъта кама тадийну туъдану»*, — деди Абдураҳмон табиб маъноли оҳангда.

Жалил ҳадиснинг маъносига тушунмаса ҳам «қаранг-а!» деган ҳайрат билан бош ирғаб қўйди. Муҳиддин ака эса бир оз ўйга толиб сўнг табибга қараб деди:

— Астаийҳзу биллаҳ, «Ва лоқад карромна бани Адама», — Улуғ қилиб яратилган одам зурриёдлари шайтон йўлига кирса шу экан-да. Астаийҳзу биллаҳ, «Ва инна алайка лаънати ило явмид-дин»*.

Улар икки аллома сингари суҳбат юритардилар. Жалил уларнинг суҳбатига ўз фикри билан қўшилиш учун оғиз жуфтлаганида Асадбек тирсаги билан биқинига туртиб, кўз қараши билан «Жим ўтир» деб таҳдид қилди.

Суҳбат чиройли тарзда давом этаётганда, ҳовлида бир одамнинг «Абди!» деган бақириғи эшитилди. Гўё жимирлаб турган кўлга тош тушгандай бўлди.

— Дев акам келдилар, — деди Абдураҳмон табиб мийиғида кулиб. — Айбситманглар, меҳмонлар. У — Худонинг эрка бандаси. Менинг доимий азиз меҳмоним.

Табиб меҳмонни қаршилашга турганида остонада девнинг чала туғилган боласини эслатувчи, баланд бўйли, тўладан келган, соч-соқоли оппоқ оқарган, усти юпун одам кўринди. У остона ҳатлаб ичкари кириб меҳмонларни кўрди-ю, бир зум тўхтади. Уларга бир-бир қараб олгач, дадил юриб келиб Муҳиддин ота билан кўришди:

— Ассомойкум, сенга миллион сўм бераман, — деди жиддий тикилиб.

Бу гапни эшитган Муҳиддин ота нима дейишни билмай, гангиб қолди.

Дев ака Жалил билан кўришаётиб ҳам шундай деди. Аммо барчани ҳайратда қолдириб Асадбекка бундай демади.

Абдураҳмон табибга унинг феъли маълум: Дев ака бировни суймаса пул ваъда қилмайди.

Бошқаларга миллиондан «бераверади». «Бу одамнинг нимаси ёқмади? У ҳам кўзларида зулм кўрдими экан?» деб ўйлади табиб.

Дев ака миллионларни «улашиб бўлгач», ўтириб Абдураҳмон табиб узатган чойни хўриллатиб ичди.

— Абди, — деди у тишсиз милклари билан нон чайнаб. — Мих йўқ. Ҳеч ерда йўқ. Исо Масихни михлашга етган мих энди йўқ. Ҳамма тиланиб юрибди. Раис ҳам тиланяпти.

«Сотсиализм қуриш учун эҳсон қилинг», дейди. «Пули йўқ одам қурилиш бошламайди», дедим. — Дев ака ҳиринглаб кулган эди, оғзидаги чой соқолидан оқиб тушди. — Пул йўқ, мих йўқ, у сотсиализм қураман, дейди.

Муҳиддин ота унга қараб туриб ажабланди: баъзи гаплари туппа-тузук, айримлари алмойи-алжойи.

Уй эгаси индамай ўтиргани учун, улар ҳам гапирмадилар. Дев ака чойни ичиб бўлгач, пиёлани тўнтарди-да, ўрнидан турди.

— Абди, мих йўқ, сен сотсиализм қурма, — деб чиқиб кетди.

Шундан сўнг табиб Дев аканинг кимлигини айтиб қўйишни лозим топди.

— Биз бир қишлоқдан эдик. Қизиллар келиб биздан тилла талаб қилишди. Буларнинг уйини тит-питини чиқаришибди. Онаси яшириб қўйган битта тангани ютиб юборибди. Ҳаромилар кўриб қолиб, аёлни ҳомиладор демасдан, қиличда қорнини ёриб олишган ўша тангани. Дев ака тўрт-беш ёш экан. Ўшандан бери шунақа бўлиб қолган.

— Астағфируллоҳ, — деди Муҳиддин ота.

— Йўғ-е, ҳомиладор хотинни-я? — деб ажабланди Жалил.

— Бу сизларга чўпчакка ўхшайди, — деди табиб. — Мен эртакчи эмасман.

Билганимни гапираман. Бизни бу ёқларга кўчиришганда Дев ака эргашиб келдилар.

Аввал бизникида ётиб юрардилар. Кейин-кейин дуч келган ерни макон тутадиган бўлдилар. Қишин-ёзин юришлари шу — сарпойчан.

Овқат кириб таомланишгандан сўнг табиб Асадбекнинг ёнига ўтди.

— Қани, иним, қўлларингизни беринг. Исмингиз нима, ёшингиз нечада?

Табиб Асадбекнинг кафтларига боқди, тирноқларини эзиб кўрди. Сўнг икки билагидаги томирга бош бармоғини қўйиб, бошини эгганича анча ўтирди.

— Ичингизга совуқлик ин қуриб олибди, ҳайдаш керак, — деди у Асадбекнинг билакларини қўйиб юборгач. — Бунинг иложини қиламиз. Лекин… яна бир хасталик илашибди сизга.

Бунинг иши қийин. Шифо бергувчи Оллоҳ. Оллоҳга таваккул қилгумиз. Менда дори тайёрлаш учун бир нарса етишмайди. Эски аробада келганингиз билан топар-тутарингиз яхшига ўхшайди.

— Айтинг, топамиз, — деди Жалил.

— Топасизми? — деди табиб унга норози қиёфада боқиб. — Яхши, топиб келинг. Менга тилла танга керак.

— Тилла танга? Нечта? — деб сўради Жалил, худди чўнтаги тилла тангага тўла одамдай.

— Бир дона. Аслида ундан озгина кукун сидириб оламан. Қолгани ўзингларники.

— Ошнам тузалса бўлди, бу ёғидан хотиржам бўлинг, ота. Бир эмас, юзта танга бўлса ҳам топамиз.

— Иним, иккинчи дафъа бундай дея кўрманг менга. Мен у дунёга мол-дунё билан бормайман. Ёлғиз Оллоҳга ва унинг расулига муҳаббатим билан бораман. Шу боис бу дунёдаги бойликни, сиз айтган юзта тангани сариқ чақага ҳам олмайман.

Асадбек ошнасининг биқинига тирсаги билан туртди. Муҳиддин ота «аттанг!» дегандай бош чайқади.

— Узр, отахон, ўйламай гапириб юбордим, — деб бош эгди Жалил.

— Сиз менга юзта эмас, битта топиб келинг. Саййид Абдулаҳадхон тангаларидан бўлсин.

— Абдулаҳадхон? — деди Жалил.

— Бухорои Шарифда шундай амир ўтган.

— Советнинг тангалари бўлмайдими? — деди Жалил.

— Николайники ҳам, бошқа замонники ҳам бўлмайди. Менга керакли нарса фақат Саййид Абдулаҳадхон зарб этган тилласида бор.

— Мен уни қандай топаман?

— Тополмайсизми? Унда сира олдиндан катта кетманг. Мен муолажани бугундан бошлайман. Узоқдан келибсиз, шу уй сизники. Сиз эса иним, поездда бир ярим кунлик йўл, бир жойга борасиз. Ҳайим деган ямоқчини топасиз. «Абдураҳмон табибдан салом.

Сиз Саййид Абдулаҳадхоннинг ўн еттинчи жияни экансиз. Табибга битта танга зарур бўлиб қолди», дейсиз. Савдолашмайсиз. Сўраган пулини берасиз.

Жалил ишнинг бу қадар осон кўчганига, айниқса, Кесакполвон оттирган отлардан гап очилмаганидан қувониб йўлга тушди.

 

***

 

Жалил поезддан тушиб, Абдураҳмон табиб айтган жойни қийналмай топди. Лекин устахонасида Абдураҳмон табиб таърифлаган кекса ямоқчини эмас, йигирма беш ёшлардаги йигитни кўрди.

— Ҳайим ака қаерда? — деб сўради Жалил.

— Ҳайм акони нима қиласиз? — деб саволга савол билан жавоб берилди. Жалил:

— Мен бир одамдан салом олиб келдим, — деди.

— Кимдан?

— Абдураҳмон табибдан. Сен билмасанг керак уни. Сен ўзинг кимсан?

— Ҳайм аконинг набираси.

— Бобонг қанилар?

— Кетганлар.

— Қачон келадилар.

— Келмайдилар. Бобом кетган жойдан қайтишга йўл йўқ.

— Исроилга кетдими?

— Ундан ҳам узоқ… Худонинг олдига…

— Ўлдими? Шуни айта қолмайсанми. Гапни чўзишингни қара.

— Ако, сиз сўрадингиз, мен жавоб бердим. Бобомда нима ишингиз бор эди?

Жалил табиб тайинлаган гапларни дона-дона қилиб айтди.

— Ако, бу криминал иш. Бизга ундай танга йўқ.

— Сен маҳмадоналик қилма. Уйингга бориб бувингданми, ота-онангданми сўра. Мен милиса эмасман, қўрқма.

— Ако, менга қўрқиш йўқ. Танга ҳам йўқ.

— Мен шу ерда ўтириб турай, сен уйингга бориб сўраб кел.

— Эрта келинг, ако.

— Эрта деганинг нимаси? Мен қаерда ётаман?

— Истансада ётсангиз мумкин.

Жалил қарасаки, бу йигит гап уқмайдиган. Ноилож изига қайта бошлади. Сал нари юргач, йигит чақирди:

— Ако, ҳов ако!

Жалил «Худога шукр, инсоф кириб қолди шекилли», деб ўгирилди.

— Ако, пулингиз ёнингизгаме? — деб сўради йигит у яқинлашгач.

— Сен аввал тангани топ. Пул нақд.

— Эрта келинг.

Жалил унга бир бобиллаб бермоқчи бўлди-ю, ишни бузмай деб тилини тийди. У ямоқчи айтгандай бекатга бормай, масжидни излаб топиб, ўша ердан қўноқ топди. Масжид имоми сафарга кетган, ноиби айни Жалилбоп — чала мулла экан. Иккита чала мулла суҳбат қурганда илмнинг янада саёзлашиб кетиши ўша куни яна бир карра исботланди.

Эртасига ҳам иш пишмади. Йигит яна «Эрта келинг», деб туриб олди. Жалил қайтмоқчи бўлганда яна «Пул ёнингизгаме?» деб сўради.

Учинчи боришда устахонада белига эски чарм пешбанд боғлаб, чақалоқнинг муштини эслатувчи бурнига думалоқ кўзойнак қўндирган қарияни кўрди.

— Кеча бир йигит ўтирувди? — деди Жалил у билан саломлашгач.

— Сизга йигит керакме? — деб саволга савол билан жавоб берди чол.

— Аслида менга Ҳайим ака керак.

— Ҳайм акангиз мен-ку? — деб кулди қария. — Набирам сизга нима деди, кетди, дедиме?

— Кетди деса ҳам майли, ўлди, деди.

Ҳайим кулди:

— Набирам ҳазилга мойил. Аммо у кетди, деган, сиз ўлдими, дегансиз, ҳайми?

— Шундоқ-ку… лекин…

— Ака Абдураҳмон амонме? Нима дейди?

Жалил табибнинг гапини сўзма-сўз такрорлади.

— Ҳай, пулингиз киссангизгаме?

— Ҳа.

— Олинг.

— Қанча?

Ҳайим айтди. Жалил қўйин чўнтагидан газитга ўроғлиқ пулни олиб санамоқчи эди, ямоқчи уришиб берди:

— Ҳе, эсингизга бир нарса, сизнинг. Бу ерга санаманг пулни. Бошқа жойга санаб келинг.

Жалил холироқ кўчага бориб пулни санаб яна газета парчасига ўради-да, устахонага келиб, ямоқчига узатди.

— Эрта келинг, — деди ямоқчи.

— Яна эртами?

— Ҳа, сизга осонме, бу. Хоҳламасангиз бошқа ерга изланг.

— Хўп, хўп…

Жалил уни ичида сўка-сўка масжидга қайтди.

Эртасига ямоқчи унга балчиқ сурилган танга узатди. Жалил лойни артмоқчи эди. Ҳайим уни тўхтатди:

— Ҳе, эсингизга бир нарса сизнинг. Тегманг. Бу криминал иш, тушунмайсизми? Боринг, Ҳайм алдамайди. Ҳайм честний гражданин.

Уч кунлик хунобгарчиликдан сўнг Жалилнинг бағрига офтоб теккандай бўлди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 






Загрузка...


Губернаторы России
Москва

Собянин рассказал об уникальных составах, которые поедут по БКЛ в эти выходные


Спорт в России и мире
Москва

Кто создает «креативный код» страны?


Загрузка...

Все новости спорта сегодня


Новости тенниса
WTA

Первая ракетка Казахстана вышла в финал турнира WTA в Италии


Загрузка...


123ru.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.


Загрузка...

Загрузка...

Экология в России и мире
Москва

Северо-Западный банк СберСтрахование объединила защиту от кибератак и экорисков в одном полисе





Путин в России и мире
Москва

Экспорт сельхозпродукции в Китай будет наращивать Россия


Лукашенко в Беларуси и мире
Минск

Шесть городов Белоруссии и Азербайджана стали побратимами




123ru.netмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "123 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. Smi24.net — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

123ru.net — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.





Зеленский в Украине и мире
Киев

ABC: Зеленский недоволен результатами визита Блинкена в Киев


Навальный в России и мире


Здоровье в России и мире


Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России






Загрузка...

Загрузка...



Певец

Певец Юрий Лоза признался, что получает базовую пенсию в размере 16 тыс. рублей



Москва

На Всероссийской олимпиаде школьники Дмитрова завоевали 1 победное и 7 призовых мест

Друзья 123ru.net


Информационные партнёры 123ru.net



Спонсоры 123ru.net