Лондон мэри Содиқ Хон: Британия ЕИдан чиқишдан олдин яна референдум ўтказиши шарт
![Лондон мэри Содиқ Хон: Британия ЕИдан чиқишдан олдин яна референдум ўтказиши шарт](https://gdb.rferl.org/993175E0-0D4A-4F8D-BC60-E1E95D7C4F6D_w800_h450.jpg)
Лондон мэри Содиқ Хон 16 сентябрь куни BBC телеканалига берган интервьюсида Британияда Европа Иттифоқидан чиқиш масаласида янги умумхалқ референдуми ўтказилиши шарт деб ҳисоблашини билдирди.
- Британия жамоатчилиги Европа Иттифоқидан чиқиш масласида ўтказилган музокаралар, жумладан, Бош вазир Тереза Мэй олиб бораётган музокаралар ва Иттифоқда қолиш тўғрисида ўз фикрини билдириши шарт, - деди Содиқ Хон.
Лондон мэрига кўра, Британия ҳукумати Европа Иттифоқини ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоламаган ҳолда тарк этиши мумкин.
«Бу ҳолатда 2030 йилга келиб Британия 500 минг ишчи ўрни ва 50 миллиард фунт (таҳминан 65 миллиард доллардан кўпроқ) сармоялардан ажраб қолиши мумкин», деб ҳисоблайди Содиқ Хон.
Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича музокаралар Брюсселда 2016 йилнинг ёзида бошланган ва 2018 йилнинг охиригача давом этади.
Британияда 2016 йил ёзида ўтказилган референдумда сайловчиларнинг асосий қисми Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берган эди.