Россия Европа суди тақиқига қарамай Ўш қирғинида қатнашгани иддао қилинаётган шахсни Қирғизистонга топширди
Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг тақиқига қарамай, Қирғизистон фуқароси, Ҳамидулло Қамбаровни ватанига депортация қилди.
Москвада нашр этилувчи “Новая газета”нинг ёзишича: "Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 4 сентябрдаги қарори билан этник ўзбек Қамбаровни Қирғизистонга депортация қилишни тақиқлаган" эди. Аммо полиция уни 6 сентябрь куни Домодедова аэропортида самолётга ўтқизиб, Қирғизистонга топширган.
Хабарда айтилишича, Ҳамидулло Қамбаров 2010 йилги Ўш қирғинида миллатлараро низода иштирок этганликда айбланиб Қирғизистон томонидан қидирувга берилган.
Қамбаров 2017 йилда Россияга келиб, қочқинлик мақоми берилишини сўраган. Бироқ Россия унга бошпана беришдан бош тортган. Қамбаров 2017 йилнинг декабрида Бишкек сўрови билан қўлга олинган.
Маълум бўлишича, Қамбаровни Россиядан депортация қилиш тўғрисидаги қарор 2018 йилнинг 29 августида қабул қилинган. Сўнгги хабарларга қараганда, Қамбаров айни пайтда Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридаги тергов изоляторида ҳибсда сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 8 йил муқаддам содир бўлган воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.
2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.
Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.