Россия Мудофаа вазирлиги Сурия шарқида 4 аскари ўлдирилганини билдирди
Россия мудофаа вазирлиги 4 аскари Сурия шарқидаги Дайр аз-Зўр вилоятида жангарилар томонидан ўлдирилганини билдирди.
Яна беш рус аскари яраланган.
Ушбу воқеа “бир неча мобил террорчи гуруҳлар кечаси Сурия ҳукумат артиллериясига ҳужум қилган пайтда рўй берди” дейилади вазирлик тарқатган баёнотда.
Вазирликка кўра, ўша жангда 43 нафар жангари йўқ қилинган.
Россия 2015 йилнинг сентябридан бери президент Башар Асад ҳукуматини қўллаб, Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказиб келади.
Суриянинг ҳукуматга мухолиф кучлари мамлакатнинг шимоли-ғарбий ва жануби-ғарбий ҳудудларини назорат қилиб турибди. Шимолий-шарқий ҳудуд эса АҚШ кўмаклашаётган курдлар етакчилигидаги иттифоқ қўл остидадир.