Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрида солиқ идорасига ҳужум қилинди
![Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрида солиқ идорасига ҳужум қилинди](https://gdb.rferl.org/ABABBC33-3BFD-43C9-B5C1-BEE48D0F1009_w800_h450.jpg)
13 май куни Афғонистоннинг Жалолобод шаҳрида Нангарҳор вилояти солиқ бўлими биносига ҳужум қилинди.
Вилоят ҳокими матбуот котиби ҳужумда тўрт одам ўлгани, камида 20 одам жароҳат олганини билдирди.
Нангарҳор вилояти кенгаши аъзоси Суҳроб Қодирий ҳужумчилардан бири иморат остонасида ўзини портлатиб юборгани, яна икки ҳужумчи эса бино ичида бомба портлатганини айтди.
Қодирий бунинг ортидан камида тўрт нафар бошқа ҳужумчи бинога автомат ва гранатометлар билан бостириб кирганини қўшимча қилди.
Ҳужум ортидан Афғонистон полицияси бинони ўраб олган ва бир неча соат давомида жангарилар билан тўқнашган.
Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.
Вилоятда бундан аввал “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ҳам, толиблар ҳам бир неча марта террор ҳужумини амалга оширган.