Хорижлик юртдошларимиз Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшиш учун фаол иштирок этишга киришишди
Видеомулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар, ёшлар, хорижлик юртдошларимиз иштирок этмоқда.
“Буюк келажак” ташкилоти Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган юртдошларимиз томонидан ташкил этилиб, жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида халқаро нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур тузилма юрт ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган, ўз инновацион ғояларини мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариши, шунингдек, илмий соҳасида татбиқ этишни мақсад қилган чет элларда яшаётган ватанпарвар юртдошларимизни ўз атрофига бирлаштиради.
Тадбирда “Буюк келажак” ташкилоти қошидаги экспертлар кенгаши фаолиятини профессионал даражада шакллантириш, халқаро консальтинг компаниялари иштирокида Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқишдаги асосий йўналишларни муҳокама қилиш, кенгаш аъзоларидан иборат иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳа йўналишида ишчи гуруҳларини тузиш масалалари ҳақида сўз юритилди..
Мазкур мавзулар бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, “Буюк келажак” ташкилоти экспертлар кенгаши раиси А.Каланов, аъзолар – С.Шодиев, Б.Исмоилов ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан видеомулоқот тарзида иштирок этаётган ватандошларимиз маърузалар қилишди.
Тадбирда “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис этилишига бағишланган видеоролик намойиш этилди.
Видеороликда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида илк бор Америка Қўшма Штатларидаги ватандошларимиз билан учрашиб, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда иштирок этишга чорлагани ҳақидаги лавҳалар акс этган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, Президентимизнинг Америкадаги ватандошларимиз билан учрашуви ушбу ташкилотни тузишга туртки бўлган. Унинг таъсисчилари “Тараққиёт стратегияси” маркази ва дунёнинг турли минтақаларида истиқомат қилаётган 32 нафар ҳамюртимиз ҳисобланади.
Буюк келажак” халқаро ташкилоти Экспертлар кенгаши раиси Алишер Калановнинг қайд этишича, мамлакатимизда узоқ муддатли ривожланиш истиқболларини ишлаб чиқиш учун барча зарур моддий ва табиий ресурслар етарли.
– Фақат ёндашувни замон талабларига мутаносиб, халқаро стандартларга мос тарзда олиб бориш керак. Бугун дунёнинг турли минтақаларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз ана шундай тажриба ва малакага эга. Агар мамлакатимиздаги ва хориждаги юртдошларимиз бирлашса, Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган ривожланиш моделини ишлаб чиқиш имкони пайдо бўлади. Биз шу мақсад йўлида ҳаракат қиламиз, – деди у.