Испания бош вазири оиласи атрофидаги коррупция иши кучаймоқда
Испания бош вазири Педро Санчеснинг рафиқаси Бегонья Гомес икки йил давом этган терговдан сўнг коррупцияга оид бир қатор оғир айбловлар билан юзлашди. Бу ҳақда 13 апрел, душанба куни AFP агентлиги хабар берди.
Суд ҳужжатига кўра, 55 ёшли Гомес таъсир кучидан ноқонуний фойдаланиш, бизнесда коррупцион ҳаракатлар, давлат маблағларини ўзлаштириш ҳамда самарасиз сарфлаш каби моддалар бўйича айбланаётгани маълум қилинди. У ҳақидаги дастлабки тергов 2024 йил апрел ойида судья Хуан Карлос Пейнадо ташаббуси билан бошланган эди.
Тергов жараёнида асосий эътибор Бегонья Гомеснинг шахсий лойиҳасига — Мадриддаги Комплутенсе университетида ташкил этилган “Рақобатбардош ижтимоий трансформация” кафедрасига қаратилган. Мутахассислар фикрича, ушбу ном ва мазмун жиҳатдан ноаниқ бўлган кафедра амалда катта эҳтиёжсиз очилган бўлиб, уни йўлга қўйишда университет раҳбариятига босим ўтказилгани ҳам таъкидланмоқда. Кейинчалик ушбу лойиҳа “на илмий, на амалий қийматга эга” деб топилиб, ёпилган.
2024 йил октябрда тергов янада кенгайди. Бу сафар ўта ўнг қарашдаги Hazte Oír ташкилоти томонидан берилган даъво асосида Гомеснинг Мадрид Комплутенсе университетига тегишли дастурий ресурсларни ноқонуний ўзлаштиргани ҳақида гумонлар илгари сурилди.
Шунингдек, унга нисбатан яна бир айблов — давлат маоши олувчи амалдор Кристина Алваресни шахсий бизнес ва лойиҳаларида ноқонуний равишда ёрдамчи сифатида ишлатгани ҳақидаги ҳолат ҳам тергов доирасига киритилган.
Бегонья Гомес ҳам, бош вазир Педро Санчес ҳам барча айбловларни қатъиян рад этмоқда. Санчес ушбу терговни ўнг қанот мухолифати томонидан ҳукуматга босим ўтказиш ва сиёсий беқарорлик яратишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.
AFP таъкидлашича, бош вазир атрофидаги коррупция иши уни катта сиёсий босим остига қўймоқда ва мухолифат унинг истеъфосини талаб қилишда давом этмоқда.
