Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори жадал ўсишда
© Sputnik / Бахром Хатамов
2025 йилнинг IV чорагида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида ўсиш суръатлари сезиларли даражада жадаллашди. Кўчмас мулк бозори бўйича Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, ушбу даврда олди-сотди битимлари сони 89,7 мингтани ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,5 фоизга ошган.
Йил бошидан буён умумий транзакциялар ҳажми 319,5 мингтага етган бўлиб, умумий ўсиш 15,8 фоизни қайд этган. Айниқса, Бухоро, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида бозор фаоллиги юқори суръатларда ўсгани кузатилмоқда.
2025 йил давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 29 фоизга кўпайиб, 21,2 трлн сўмга етди. Уларнинг уй-жой олди-сотди жараёнларидаги улуши 22 фоизни ташкил этгани қайд этилди.
Шу билан бирга, аҳолининг реал даромадлари IV чоракда 9,2 фоизга ошгани бозордаги талабни қўллаб-қувватлаган асосий омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Қурилиш соҳасида ҳам фаоллик юқори даражада сақланиб, фойдаланишга топширилган уй-жойлар умумий майдони 15,9 млн квадрат метрга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга юқори.
Уй-жой нархлари доллар ҳисобида ўсиш тенденциясини давом эттирган. Хусусан, бирламчи бозорда нархлар 5,7 фоизга, иккиламчи бозорда эса 7,9 фоизга қимматлашган.
Бироқ миллий валюта — сўм ҳисобида нархлар нисбатан барқарор сақланиб қолган. Бу ҳолат кўпинча сотувчиларнинг нархларни хорижий валюта динамикасига боғлаб белгилашга интилиши билан изоҳланади.
Ижара бозорида ҳам ўсиш қайд этилиб, йил якунида ижара нархлари 8,3 фоизга ошган. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ер участкалари қиймати 9,4 фоизга пасайгани кузатилди.
Умуман олганда, 2025 йилнинг охирги чораги кўчмас мулк бозори учун фаол ва ўсишга бой давр сифатида баҳоланмоқда.
