170 нафардан ортиқ зиёратчи Ўзбекистонга қайтолмаётгани маълум бўлди
Бош консулхона дипломатлари Макка шаҳрида жойлашган “Канари” ва “Ал-Аям Элите” меҳмонхоналарига ташриф буюрди, мақсад эса айрим шахслар орқали сафар қилиб, қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишдан иборат эди.
Ҳозирда ушбу меҳмонхоналарда 170 нафардан ортиқ зиёратчи ватанга қайтишни кутиб турибди. Зиёратчиларнинг маълум қилишича, улар 14 кунлик умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига ташриф буюрган. Бироқ сафарни ташкил қилган шахсларнинг нотўғри маълумотлари ва хатолари оқибатида ҳозирга қадар уйга қайта олмаяпти.
Суҳбат давомида зиёратчилар ўз оғир аҳволларини баён қилди ва гуруҳнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлардан иборат эканини таъкидлади. Улар орасида инфарктни бошидан ўтказганлар, қандли диабет ва қон босими каби сурункали касалликларга чалинган, доимий равишда дори-дармон истеъмол қиладиган шахслар ҳам борлиги маълум қилинди. Зиёратчилар Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Бош консулхона эса, уларнинг ватанга қайтиш билан боғлиқ мурожаатлари тегишли идораларга етказилишини ва мурожаатларни кўриб чиқишга маълум вақт кераклигини маълум қилди. Шунинг учун, вазият янада оғирлашиб кетмаслиги учун имкониятдан келиб чиққан ҳолда ўз ҳисобларидан авиачипта харид қилиб, Ўзбекистонга қайтиш тавсия этилди.
Шу билан бирга, зиёратчиларни қийин аҳволга солган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистонга қайтгандан сўнг тегишли идораларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бош консулхона томонидан доимий назоратда ушлаб турилмоқда ва вазиятни бартараф этиш учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
