Бугундан Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келмоқда
Бугун, 7 март куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ антициклон кириб келмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Қайд этилишича, совуқ ҳаво оқими кириб келиши ортидан атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши кутилмоқда. Ҳаво айланишининг секинлиги ва ҳарорат инверсияси юзага келиши эҳтимоли сабабли ифлослантирувчи моддалар атмосферанинг ерга яқин қатламида тўпланиб бориши мумкин.
Айни пайтда ҳудудда ҳарорат инверсиясини келтириб чиқарувчи метеорологик шароитлар кузатилмоқда. Бу кечаси 5–7 даража, кундузи эса 16–18 даража илиқ бўлиши билан боғлиқ кескин ҳарорат тафовути фонида юз беряпти.
Маълумотда айтилишича, Тошкент шаҳри нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси таъсирида қолмоқда. Эрталабки соатларда туман, юқори намлик ва деярли шамолсиз об-ҳаво кузатилиб, бу ҳаво алмашинувининг жуда суст кечишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда чиқиндилар шаҳар ҳудудида сақланиб қолиши мумкин.
Шунингдек, атмосферада шаҳарга хос одатий ифлослантирувчи моддалар тўпланиши қайд этилмоқда. Уларнинг асосий манбалари автотранспорт, иситиш тизимлари, ёқилғи ёқилиши ҳамда саноат чиқиндилари ҳисобланади. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши қийинлашади ва ҳавода чанг ҳамда майда дисперсли заррачалар миқдори ортиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, бундай ҳолат яқин уч кун давомида сақланиб туриши эҳтимол. 10 мартга бориб совуқ антициклон мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ҳаво ҳарорати барқарорлашиши, шамол тезлигининг кучайиши ва ёғингарчилик кузатилиши ортидан эса атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар тарқалиши кутилмоқда.
