Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига янги раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбариятида ўзгариш юз берди. Ташкилот Бошқарувининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида Шуҳратжон Орипов Орип ўғли Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шуҳратжон Орипов ўз фаолияти давомида матбуот ва ахборот соҳасида етарли тажриба тўплаган мутахассислардан бири ҳисобланади. У айни дамда "Бизнесни ривожлантириш банки" матбуот котиби лавозимида ишлаб келмоқда. Эндиликда у банкдаги фаолияти билан бир қаторда мамлакатимиздаги журналистлар ҳамжамиятини бирлаштирувчи нуфузли ташкилотга раҳбарлик қилади.
Журналистлар уюшмаси мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳа вакилларининг малакасини оширишда муҳим ўрин тутади. Янги раҳбар олдида турган асосий вазифалар қаторида журналистларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва медиа соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш турибди.
