“Яшил Орол денгизи” ташаббуси доирасида саксовул экиш ишлари бошланди
25 февраль куни “Орол мактаби” иштирокчилари БМТ Тараққиёт дастурининг “Яшил Орол денгизи” ташаббуси доирасида Орол денгизининг очилиб қолган тубида саксовул ниҳолларини экиш жараёнида қатнашдилар, деб ACDF матбуот хизмати хабар берди.
Атроф-муҳит мутахассислари ва менторлар билан биргаликда иш олиб борган иштирокчилар иқлим ўзгаришидан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардан бирида ерларни тиклаш ишларига ҳисса қўшдилар.
Маълум қилинишича, экилаётган ҳар бир саксовул шўр-чанг бўронларига қарши табиий тўсиқ вазифасини бажаради. У тупроқни мустаҳкамлайди ва экотизимнинг узоқ муддатли барқарор тикланишига хизмат қилади.
БМТТД, ACDF ва Aral School қўшма ташаббуси доирасида Орол денгизининг қуриган тубида 90 минг гектар майдонга саксовул ҳамда бошқа галофит турлари кўчатларини экиш режалаштирилган.
