Ҳиндистонда никоҳ ёши узаймоқда
Сўнгги ўн йил ичида ҳиндистонлик бўйдоқлар орасида турмуш қуришнинг ўртача ёши 27 дан 29 га кўтарилди, дея хабар берди The Tribune газетаси.
Мутахассислар бу силжишни жуда оддий, лекин ҳаётий сабаблар билан изоҳлаяпти: молиявий барқарорликка эришиш, карьера қуриш ва шахсий жиҳатдан тайёр бўлиш — эрта турмуш қуришдан кўра муҳимроқ қиймат касб эта бошлаган. Яъни кўпчилик “шошилмасдан, аввал оёққа туриб олай” деган йўлни танлаяпти.
Тадқиқот натижалари яна бир қизиқ манзарани кўрсатди: қайта турмуш қуришни хоҳловчилар сони ҳам сезиларли равишда кўпайган. Агар ўн йил аввал платформа фойдаланувчиларининг 11 фоизи иккинчи марта никоҳдан ўтиш истагини билдирган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 16 фоизга етган.
Шу ўринда Ўзбекистондаги ҳолат ҳам диққатга сазовор. Миллий статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қайд этилаётган никоҳларда асосий улушни 20–30 ёш оралиғидагилар ташкил этади: эркакларнинг 78,7 фоизи, аёлларнинг 53,5 фоизи айнан шу ёшда турмуш қурмоқда.
