Қашқадарёда ака укасининг хотинини ўлдирди
2025 йилнинг 2 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Шерали қишлоғида жуда ҳам мудҳиш воқеа рўй берди. 38 ёшли фуқаро, маълумотларга кўра, укасининг 30 ёшли хотинини ошхона пичоғи билан пичоқлаб ўлдирган. Бу ҳақда марҳуманинг яқинлари “Дарё”га хабар беришди.
Тергов ҳужжатларига кўра, 1987 йилда туғилган Н.О. укаси Қарши шаҳри мол бозорига кетган пайтда, уйда ёлғиз қолган келини Дилноза Шаймардоновани пичоқлаб, унга қаттиқ зарар етказган.
Гумонланувчи ўз кўрсатувида шундай дейди: “Укам бозорга кетишини кутиб турдим, кетгач ошхонага кирдим, пичоқни олиб ҳовлига чиқдим. Ҳовлида келинимиз ҳаммом олдида идиш-товоқларни олаётганини кўриб, ортидан бордим ва икки қўлим билан бўйнидан бўғиб, ерга йиқитдим. Кейин ортидан пичоқ урдим ва чап елка ҳамда бўйин соҳасига санчдим. Пичоқ келинимизнинг бўйнига қадалиб қолди.”
Марҳума шу хонадонга 2025 йил 31 август куни келин бўлиб тушган эди. Унинг яқинлари бу қотилликда бошқа шахслар ҳам иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтиб, терговдан норозилик билдирмоқда.
Ҳолат юзасидан гумонланувчига Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) асосида жиноий иш қўзғатилган ва ҳибсга олинган.
Аввалроқ ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистонда қотилликлар сони камайган, лекин номусга тегиш жиноятлари кўпайган. 2024 йилда 339 та қотиллик қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 288 тага тушган. Аммо номусга тегиш жиноятлари 359 тадан 381 тага кўпайган.
