Хитойда 19 метрли улкан қорбола ясалди (видео)
Хитойнинг “қиш пойтахти” сифатида машҳур бўлган Харбин шаҳрида олти қаватли бино баландлигига тенг улкан қорбола барпо этилди. Нодир қор ҳайкали атиги 11 кун ичида яратилгани билан ҳам диққатни тортди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар тарқатди.
Маълумки, қор ва муз ҳайкалтарошлиги билан дунёга танилган Харбин шаҳрида ҳар йили халқаро фестиваль ўтказилади. Бироқ бу йил шаҳар аҳолиси ва сайёҳларни қарийб 19 метр баландликка эга гигант қорбола янада ҳайратга солди. У ўз кўлами ва ишлови билан оддий инсталляция эмас, балки қиш мавсумининг рамзига айланди.
Қайд этилишича, ҳайкални барпо этиш учун махсус техника ёрдамида тайёрланган тахминан 33,5 минг кубметр қор олиб келинган. Илк босқичда қор вақтинчалик ёғоч конструкцияга жойлаштирилган, асосий шакл бериш ва безак ишлари эса ҳайкалтарошлар томонидан қўлда — кескилар ва махсус асбоблар ёрдамида амалга оширилган.
Лойиҳа устида жами 100 нафар ишчи ва 64 нафар ҳайкалтарошдан иборат катта жамоа меҳнат қилган. Қурилиш жараёни ташкилотчилар томонидан жонли эфир орқали намойиш этилиб, томошабинлар улкан қорболанинг қандай яратилаётганини реал вақт режимида кузатиш имконига эга бўлган.
Ушбу гигант қорбола ижтимоий тармоқларда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар уни “оддий қорбола эмас, ҳақиқий қишки ёдгорлик” деб атаган бўлса, бошқалар бу лойиҳани “қиш фаслининг энг юқори энергияси” сифатида баҳолаган.
