Шом намози олдидан портлаш: Нигерия масжидида қонли фожеа
Нигериянинг шимоли-шарқида жойлашган Майдугури шаҳридаги масжидда содир бўлган портлаш камида 7 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 24 декабрь куни соат 18:00 атрофида Гамбору бозори ҳудудида жойлашган, одамлар билан тўла масжидда, шом намози олдидан рўй берган. Гувоҳлар портлаш тўсатдан юз берганини, натижада масжид ичида катта саросима пайдо бўлганини айтишмоқда.
Полиция матбуот котиби Наҳум Дасо воқеани тасдиқлаб, ҳозирда ҳудудда бомба мутахассислари иш олиб бораётганини маълум қилди. Айрим гувоҳлар ҳужум худкуш террорчи томонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирган. Расмийларга кўра, ярадорлар сони ҳали аниқ эмас, аммо бир неча ўн нафар бўлиши мумкин.
Маҳаллий полиция раҳбари Бабакура Коло ҳодиса террорчилик ҳаракати сифатида кўрилаётганини айтди. Бироқ ҳозирча ҳеч қайси қуролли гуруҳ бу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Майдугури — Борно штати маркази бўлиб, у йиллар давомида Боко Ҳарам ва Islamic State West Africa Province каби террорчи тузилмалар фаолияти билан боғлиқ ҳудуд сифатида танилган. Шу билан бирга, шаҳар сўнгги йилларда нисбатан тинч даврни бошдан кечираётган эди.
